Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев фейсбукдаги саҳифасида ишга қабул қилиш бўйича эълон берди.

Халқ Таълими Вазирлигининг Ўқувчилар ва Ёшлар билан ишлаш бошқармаси янги иш ўрнини эълон қилади:
Лавозим: Психолог/бошқарма бошлиғи 
Талаблар: Психология мутахассислиги бўйича бакалавр дипломи; болалар психологияси йўналишида камида 3 йиллик касбий малака. 
Тиллар: ўзбек ва рус тилларини мукаммал даражада билишлик. Қўшимча сифатида инглиз тилини ҳам билувчиларга афзаллик берилади.

Шунингдек, қўшимча афзаллик ушбу соҳада илмий изланишлар олиб борган, тадқиқот хулосалари газета ва журналларда чоп этилган, халқаро конференцияларда қатнашган талабгорларга берилади. 

Талабгорларни саралаш жараёни 3-босқичда ўтказилади. 

1-босқич: 15 август соат 13:00гача талабгорларнинг 'CV' ёки Резюмелар a.sadullaev@xtv.uz ёки фейсбукдаги шахсий мессенжерим орқали қабул қилинади. 

2-босқич: саралаб олинган талабгорлар 4 кун ичида "Ёшлар орасида суицид муаммоси ва унинг ечими" ва "Ёшлар орасида жиноят муаммоси ва унинг ечими" мавзуларида иншо тақдим этишади. Ўз иншоларида талабгорлар айнан вазирлик ходими сифатида ушбу муаммоларнинг ечими учун қандай амалий ишлар олиб боришлари, ўзларининг режаларини баён этишлари лозим. 

3-босқич: Саралаб олинган иншо эгалари вазирликка суҳбатга чақирилади. 

Қўшимча маълумотлар: Психолог/бошқарма бошлиғи фақатгина назарий фаолият, зарур методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш билан чекланиб қолмай, Ўзбекистон ёшларининг мактабгача таълим муассасасидан бошланган ҳаётини мукаммал даражада кўра биладиган, назарияни ҳаётий/амалий татбиқ эта биладиган, прогрессив инсон бўлиш зарур. Бу лавозим эгаси ўз устида тинмай ишлайди, иш сифати ва талабчанликни юқори қўяди; иш фаолияти давомида вилоят ҳамда чет давлатларига сафарлар уюштириб, ўрганилган ҳолатларни чуқур таҳлил қилади ва вазирликка тегишли хулосаларини беради. Шунингдек, психолог/бошқарма бошлиғи болалар психологияси билан иш олиб борувчи нуфузли халқаро ташкилотлар билан алоқа ўрнатиб, ҳамкорлик ишларини олиб боради. Бундан ташқари, вазирлик тасарруфидаги бошқа бошқармалар, муассаса ва ташкилотлар билан доимий алоқада бўлиб, ўз ишида уларнинг тавсияларидан ҳам фойдаланади.

Бизнинг жамоага келинг, ватанимиз равнақига ўз ҳиссангизни қўшинг ва бир умрлик ажойиб касбий малакани қўлга киритинг!