Эрон Спорт вазирлиги мамлакат терма жамоасининг икки аъзоси четлатилгани ҳақида эълон қилди. AFP нашри хабарига кўра, 27 ёшли Эҳсон Ҳожи Сафи ва 33 ёшли Маъсуд Шожаий четлатилган. Уларнинг иккиси ҳам терма жамоа фахрийлари ҳисобланиб, биринчиси термада 84та, иккинчиси 70та ўйин ўтказган.

Улар Грециянинг «Паниониос» клуби сафида Европа лигаси саралаш ўйинлари доирасида Исроилнинг «Маккаби» клубига қарши ўйинда майдонга чиққани учун жазоланган. Исроил билан муносабатлари узилган Эрон ҳукумати фикрича, бу футболчилар исроилликлар билан бир майдонда ўйнаши орқали давлат билан ҳамфикр эмасликларини кўрсатишган.

Маълумот учун, ЖЧ-2018 саралашида Ўзбекистон билан бир гуруҳда иштирок этаётган Эрон терма жамоаси йўлланмани аллақачон ҳал қилган. Қолган икки турда Карлос Кейруш шогирдлари Жанубий Корея ва Сурия терма жамоаларига қарши майдонга тушади.