Хитой ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбидаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича 130 дан ортиқ лойиҳани туялар популяциясини сақлаб қолиш мақсадида ёпди. Бу ҳақда China Daily хабар бермоқда.

«Биз қўриқланувчи ҳудудларда ноқонуний қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини тўхтатамиз ҳамда қатъий назорат ўрнатамиз, бу экологияни ҳимоя қилиш ва барқарор иқтисодий ривожланишга кўмак беради», - дея ер бюросининг минерал ресурслар бўйича бошқармаси бошлиғи Олимжон Маматнинг сўзларини келтиради газета.

Таъкидланишича, 2020 йилга келиб баъзи қўриқхона ҳудудларида қазиб олинувчи саноат бутунлай тўхтатилади.

Нашр маълумотига кўра, қазилма ишлари олиб борилувчи туманларда бақтрия туялари яшайди, уларнинг Шимоли-Ғарбий Хитой ва Мўғулистондаги умумий сони 1 минг бошдан ҳам ошмайди.

Аввалроқ Форс кўрфазидаги низо минглаб туяларнинг нобуд бўлишига олиб келгани хабар қилинганди.