«Барселона» Дортмунднинг «Боруссия» клуби билан Усмон Дембеле трансфери борасида келиша олмаяпти. Sport.es хабарига кўра, каталонияликларнинг бу борадаги иккинчи таклифи ҳам рад этилган.

Испан жамоаси 75 млн ва қўшимча бонуслар назарда тутилган биринчи таклиф қабул қилинмагач, 20 ёшли француз учун 90 миллион евро ва бонуслар кўринишида 40 млн евро ваъда қилган, аммо немислар клуби яна рад жавоби қайтарган.

«Боруссия» «Барселона»дан бу футболчи учун 150 млн евро талаб этмоқда.

Хабар қилинишича, каталонлар клуби Дембеле билан шахсий шартнома борасида келишувга эришган.

Дембеле ўзини Испанияга қўйиб юборишларини истамоқда. Ўзи учун таклиф рад этилганидан хабар топгач, футболчи жамоа машғулотига келмади. Бунга жавобан жамоа унга нисбатан жазо чоралари қўллади: у жамоанинг ўйинларидан четлатилган ва жарима белгиланган.

Охирги хабарларга кўра, ушбу футболчини қўлга киритиш учун «Реал» ҳам ҳаракат бошлади. Бу жамоа Мбаппени трансфер қилиш имкониятлари йўқолаётгани учун эътиборини Дембелега қаратди. Қолаверса, мадридликлар трансфер рақобатида яна бир бор «Барселона»ни доғда қолдирмоқчи.

Усмон Дембеле «Боруссия»га 2016 йилда «Ренн» таркибидан келиб қўшилган. У дортмундликлар сафида ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 50 учрашувда қатнашди ва 10 гол уриб, 22 голга узатма берди.