САВОЛ: Ассалому алайкум. Президентимиз қарорлари асоида берилаётган имтиёзли кредитларни оилада икки киши икки йўналишда олсак бўладими? Масалан, чорва учун кредит олганмиз, иссиқхона барпо этмоқчимиз. Унинг учун алоҳида кредит олсак бўладими? Бунинг қонуний имконияти борми? Олдиндан раҳмат.

Умар Холпўлатович Шайдуллаев

Бугунги кунда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда қарз олувчининг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни камайтириш мақсадида, кам миқдордаги кредитлар учун таъминот сифатида жисмоний шахсларнинг кафиллигини қабул қилиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 1-моддасида банклар — юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредитлаш ёки инвестициялаш фаолиятини амалга оширадиган тижорат ташкилоти эканлиги ҳамда ушбу Қонуннинг 20-моддасида банклар банк операцияларини амалга оширишга доир қарорлар қабул қилишда мустақил эканликлари, 31-моддасида банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги ПФ-4848-сонли Фармонининг 5-бандига мувофиқ, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, давлат органлари томонидан тижорат банклари фаолиятига, биринчи навбатда, кредит сиёсатига маъмурий аралашувларининг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хатингизда қайд этилган мақсадга кредит маблағлари олиш учун ўзингиз учун қулай бўлган тижорат банкига ариза билан мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдирамиз.

Саволга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки юридик бошқармаси бош юрисконсульти С.Отахонов жавоб берди

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.