Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда Uzbekistan24.uz.

Фармонда таъкидланишича, матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва соҳага оид масалаларни ҳал этиш ваколати берилган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ўзига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва самарали амалга оширмаётгани боис бозор муносабатлари шароитида оммавий ахборот воситаларига услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ишини принципиал жиҳатдан кузатиш, баҳолаш, таҳлил қилиб бориш, зарур ҳолларда қўллаб-қувватлаш ёки иқтисодий, ҳуқуқий чораларни қўллаш каби амалий механизмларнинг таъсири деярли сезилмаяпти. 

Бунинг оқибатида оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар томонидан ўзининг низом талабларига тўғри келмайдиган, миллий қадриятларга зид, ғоявий ҳамда матбаа сифати паст маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ва матбаа корхоналарини рўйхатга олиш, ноширлик фаолиятини лицензиялаш ҳамда уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш бўйича тегишли талаб ва нормативлар ахборот бозорининг бугунги ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилмаган. 

Бундай ҳолатларга нисбатан тегишли чораларни қўллаш масаласида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг роли ва таъсири деярли сезилмаяпти. 

Фармон билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситалари, ахборот алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунчилик ижросини таъминлаш; 

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятида қонун ҳужжатлари, давлат ва тармоқ стандартларига риоя этилиши, сўз ва ахборот эркинлиги кафолатларига риоя этилиши борасида мониторинг ва назоратни амалга ошириш; 

ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда иштирок этиш;

китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини ташкиллаштириш;

хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш; 

мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашиш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш;

ноширлик ва матбаачилик йўналишидаги техник-технологик базани ривожлантириш, уларни замонавий жиҳатдан янгилаш, стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида миллий ва халқаро танловлар, кўргазма-ярмарка ва бошқа оммавий тадбирларни ташкил этиш; 

матбуот ва ахборот, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона фаолияти соҳаларида тегишли минтақавий, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Фармон билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини Агентлик таркибига ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги муассислигидаги “Тонг юлдузи” ва “Класс!” газеталари ҳамда “Гулхан” ва “Ғунча” журналларини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфига тўлиқ ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини тайёрлаб, белгиланган тартибда киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида” 2002 йил 3 июлдаги ПФ–3103-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммасига юкланди.