Самарқандда ногиронларга мурувват кўрсатилди: уларга уй-жой ва совға-саломлар топширилди (фото)

Ўзбекистон 11 Август 2017 5210

Юртимизда юз бераётган ислоҳотларда одамларнинг эзгу орзулари ва мақсадларини рўёбга чиқариш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва жисмоний имкониятлари чекланган инсонларни ҳартомонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да бу эзгу ишлар кўлами тобора кенгайтирилмоқда.

Самарқанд вилоятида икки кун давомида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган хотин-қизларга уй жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳамда президент совғалари тантанали равишда топширилди. Тадбирларда Президентнинг давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов иштирок этди.

Президентнинг Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, кам таъминланган, ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукуматимиз томонидан 250 миллион сўм маблағ ажратилгани қайд этилди.

Халқ қабулхоналарига уй-жой сўраб мурожаат этган вилоятдаги 21 нафар ногирон фуқароларни иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиалларига касаначи сифатида бириктириш белгилаб қўйилган эди. Уларнинг шароитини ўрганиш бўйича вилоят комиссияси тузилди ва рўйхат шакллантирилиб, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси вилоят филиали уларни 2 хонали уй жойлар билан таъминлаши ҳақида шартномалар имзоланди. «Ўзпахтасаноат» АЖ эса аванс тариқасида имконияти чекланган фуқаролар учун уйларнинг бошланғич тўловлари — 12 млн. сўмдан тўлаб берди.

Шунингдек, халқ қабулхоналарига мурожаат қилган 16 нафар фуқарога «Маҳалла» хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан 2 сотихли уй-жойлар қурилиши учун бошланғич тўловлар ўтказиб берилди. 10 август куни вилоят бўйлаб бўлиб ўтган тадбирларда 37 нафар фуқароларга уйлар тантанали равишда топширилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраевнинг Кун.узга маълум қилишича, Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» ресторанида бўлиб ўтган якуний тадбирда 206 нафар фуқарога (шундан 40 таси вояга етмаган болаларга) ногиронлик аравачаси, 40 нафар фуқарога эшитиш мосламалари ва 250 нафар фуқарога қултиқтаёқлар ва ҳасса топширилди.

Самарқанд шаҳрида уюштирилган байрам тадбирида сўзга чиқар экан, вилоят ҳокими Туробжон Жўраев бундай эзгу ишлар дебоча эканлигини, ногиронларни қўллаб-қувватлаш кейинги йилларда ҳам кенгроқ кўламда давом эттирилишини таъкидлаб ўтди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, йил охиригача вилоятда ногиронлар учун яна 62 та уй-жой қурилиши белгилаб олинган бўлиб, бунинг учун президентимиз томонидан 650 миллион сўм маблағ ажратилган.

Тадбир давомида ижтимоий фаол ногиронлардан айримларини суҳбатга тортдик.

— Мен Жўрабек Самиев, Ургут туманининг Камангаронча маҳалласида истиқомат қиламан. Болалигимдан ногиронман. Лекин ўз устимда изланиб, телерадио ускуналар, DVD, рўзғордаги чойнак, дазмол, кир ювиш машинаси каби электр буюмларини таъмирлаш билан шуғулланаман. Ҳукуматимиз ва вилоят раҳбарларининг бизга эҳтиром кўрсатиб, ногиронлик аравачси билан таъминлагани, совға-саломлар берги учун ташаккур билдираман. Уйланганман, уч нафар фарзандим ҳам бор. Келгусидаги ниятларим — ишхонамни кенгайтириш, шогирдлар тайёрлаш. Бунинг учун ўзим алоҳида уйга кўчиб ўтишим керак. Албатта, мурожаатларимни эътиборга олиб, менга ҳам янги қурилаётган намунали уйлардан ажратишса келгусидаги ишларимни ривожлантиришда қўл келар эди.

— Мен Эшбоева Бўстон, Иштихон туманининг Митан қўрғонида яшайман. Тикувчилик билан шуғулланаман. Маҳалла-кўйдан тушадиган буюртмаларни қабул қилар эдим. Энди давлат корхоналаридан ҳам буюртмалар туша бошлаяпти. Бугунги тадбирдан кўнглим жуда кўтарилди. Берилган эътибор ва совға-саломлар учун мутасаддиларга ташаккур изҳор этаман.

Тадбир давомида йиғилганларга дастурхон ёзилди, вилоят мусиқали драма театри актёрларининг чиқишлари ва самарқандлик таниқли хонандаларнинг кўй-қўшиқлари тақдим этилди.

Халқимиз азалдан ўз саховати, меҳр муруввати билан донг қозониб келган. Албатта, бундай хайрли тадбирларни давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз ва вилоят раҳбарларининг ўзлари бош-қош бўлиб ўтказаётгани жуда катта аҳамиятга эга. Жисмоний имконияти чегараланган инсонларнинг жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканлигини бот-бот билдириб туриш, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Шуҳрат Шокиржонов,

Кун.уз мухбири, Самарқанд.

Кўпроқ янгиликлар