2017 йил 11 август куни Миллий матбуот марказида "Ўзстандарт" агентлиги томонидан ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. "Кун.uz" мухбирининг хабар беришича, тадбирда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлашда агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисобот берилди. 

Агентликнинг ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари томонидан 2016 йилдан бошлаб шу кунга қадар 170 озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи тадбиркорлик субъектлари устидан давлат назорати ўтказилди. 

Текширувлар натижасида 340 турдаги озиқ-овқатлар сифат ва хавфсизлик бўйича синовдан ўтказилиб, шундан 80 (23,5%) турдаги маҳсулот меъёрий ҳужжатлар талабларига номувофиқ, деб топилган. 

Шунингдек, жами 12018 дона ўлчов воситаларидан 1572 таси (13%) яроқсиз ҳолдалиги аниқланган.

Cинов лабораториялари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ўтган йилнинг охирги 6 ойи давомида 2 млрд. 188 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти яроқсиз деб топилган, 2017 йил 1 июль ҳолатига кўра ушбу кўрсаткич 500 млн. сўмни ташкил этди. 

Маҳсулотлар сифатини халқаро талабларга етказиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, тасдиқланган дастурларга асосан 2017 йилда 1265 та экспортёр корхонада сифат менежменти тизимларини жорий этиш белгиланган.