Фуқароликни йўқотиш тўғрисидаги ҳужжатлар қандай тайёрланади?

Ўзбекистон 12 Август 2017 9489

ТИВ ва ИИВнинг қарори билан (2017 йил 1 август) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалаларига оид ҳужжатларни тайёрлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди, деб хабар бермоқда Norma.uz.

Ҳужжат ҳар бир асос бўйича фуқароликни йўқотишни расмийлаштиришда ваколатли органлар ходимларининг ҳаракатлари ва ҳужжатларни тайёрлаш тартибини батафсил регламентлайди.

1 – чет давлатнинг давлат хизматига кирганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ёки бошқа ишончли маълумотлар мавжуд бўлган шахслар томонидан фуқароликни йўқотилиши

Фуқароларни аниқлаш учун консуллик муассасалари:

•  ўзларининг консуллик округлари жойлашган мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирликларига чет давлатнинг давлат хизматига кирган Ўзбекистон фуқаролари бўйича ахборот бериш ҳақида нота юборадилар ва Ўзбекистон қонунларининг қоидалари ҳақида хабардор қиладилар;
•  манфаатдор вазирлик ва идораларнинг Ўзбекистон фуқароси чет давлатнинг давлат хизматига кирганлиги ҳақидаги маълумотларини текширадилар;
•  шахсларнинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги ҳақидаги мурожаатларини ва чет давлатнинг сўровномаларини ўрганадилар.

2 – чет элда доимий яшаётган уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган шахсларнинг фуқаролигини йўқотиши.

Консуллик муассасаси раҳбари вазиятга қараб, фуқаро ўз вақтида консуллик ҳисобига турмаганлиги сабабларининг узрлилигига объектив маълумотлар асосида мустақил баҳо беради.

3 – Ўзбекистон фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинганлиги аниқланган шахсларнинг фуқароликни йўқотиши

Текширувни ўтказиш вақтида ТШИИББ МваФРБ ёки консуллик муассасалари томонидан қуйидагилар аниқланади:

•  шахснинг “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонун кучга кирган вақтда (1992 йил 28 июлда) Ўзбекистон ҳудудида яшаганлиги;
•  шахснинг Қонун кучга кирган вақтда Ўзбекистон ҳудудида пропискаси бўлганлиги;
•  шахс Қонун кучга кирган вақтда мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳарбий ҳисобда турганлиги;
•  шахс Қонун кучга кирганидан кейин туғилганлиги ва унда Қонуннинг 13 - 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон фуқаролигини олиш ҳуқуқи мавжудлиги;
•  Қонуннинг 4-моддаси 2-бандида назарда тутилган ҳолатлар.

Текширув мобайнида тўпланган ҳужжатлар фуқароликни олишнинг асоссизлиги ҳақида сабабларини кўрсатган ҳолда хулоса билан бирга прокуратура органларига юборилади. Олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинганлиги факти суднинг қонуний кучга кирган қарори билан белгиланади.

4 – чет эл давлати фойдасини кўзлаб фаолият юритиб ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган шахсларнинг фуқаролигини йўқотиши

ИИВ МваФРББга МХХ, ИИВ ва ТИВ тегишли бошқармаларининг асослантирилган тақдимномалари билан бирга қуйидагилар юборилади:

•  шахснинг чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш натижасида жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказганлигини;
•  тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиш натижасида жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказганлигини тасдиқлайдиган суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳужжатлар шахснинг фуқаролигини йўқотиш юзасидан.

5 – чет давлатнинг фуқаролигини олган шахсларнинг фуқаролигини йўқотиши

Кўпроқ янгиликлар