Перу президенти Пабло Педро Кучинский янги иқтисодий ислоҳотларни жорий этиб, ривожланиш суръатларини оширишга ҳаракат қилгандан кўра, маъмурий бошқарувлардаги ислоҳотларни ўтказишни маъқулламоқда. У бу ҳақда жума куни Reuters агентлиги мухбирига берган интервьюсида тўхталиб ўтган.

"Лотин Америка Инвестиция Саммити" пайтида президент Кучинский мамлакат иқтисодиётининг секин ривожланишидан хавотирда эканлигини айтган. "Бу кўрсаткичлар (2,5%) ўтган йилгидан сал фарқ қиляпти, келгуси ойларда деярли ўзгаришсиз қолиши мумкин. Анд тоғларидан олинаётган ресурслар ва олтин нархининг ошиши эвазига иқтисодий барқарорликка эриша олмаймиз", - дейди у.

"Барча янги ислоҳот ташаббуси билан чиқмоқда, лекин маҳаллий қонунчилигимиз базаси 32,000 та ҳужжат бўлиб тўлиб турган бир пайтда яна янги қонун лойиҳаси билан чиқиш самарали ечим эмас. Бизга яхши бошқарув механизми керак, тўпланиб қолган қонунлар, қоғозбозлик ва катта назорат масштаби бошқарувни қолоқлаштириб қўйди", - деб қўшимча қилди Пабло Педро Кучинский.

Амалдаги президент Перудаги сиёсий ҳаётга кириб келишидан аввал, АҚШда истиқомат қилиб, Жаҳон банки ҳамда Халқаро Валюта фондида фаолият олиб борган етук иқтисодчи ҳисобланади.