11 август куни Кун.uz таҳририятига ўқувчиларидан бири мурожаат қилиб, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонаси бир кун ичида капитал таъмирлаш учун ёпилиб, унда даволанаётган ёш болалар ва уларнинг ота-оналари шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилгани ҳақида маълум қилди. Мурожаат қилувчи отанинг таъкидлашича, Давлат раҳбарининг шаҳарга келиши маълум бўлганидан сўнг, шундай кескин ҳаракатларга қўл урилган. Унинг хавотир билдиришича, болалар юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудига ўтказилса, шамоллаш ёки бошқа касалликлардан даволанаётган бемор болалар (улар орасида бир неча ойлик гўдаклар ҳам бор) бошқа бир жиддийроқ касалликни орттириб (юқтириб) олиши эҳтимолидир.

Кун.uz мухбири шу куни ҳолатни ўрганиш учун Олмалиқ шаҳрида 3-сон болалар шифохонаси ва шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига бориб, ҳолатни ўрганди.

Даставвал, ўқувчимизнинг айтган маълумотлари тасдиқланди. Ҳақиқатдан ҳам 3-сон болалар шифохонаси 10 август куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан кўчирила бошланган. Шу куннинг ўзида Олмалиқ комбинатидан ишчилар (йигитлар ва қизлар) “ҳашар”га келишган ва суриштирув кунидаги шифохона ҳолати қуйидагича эди.

Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонасининг 11 августдаги ҳолати

Бир кун аввалги ҳолатдан хабарсиз киши бу ерда капитал таъмирлаш ишлари бошланганига бир неча кун ёки ҳафта бўлган деб гумонга бориши шубҳасиз. Шу ерда кўчиш ишларини якунлаётган ҳамширалар билан суҳбатлашдик. Улар капитал таъмирлаш ҳақиқатдан ҳам кутилмаган воқеа бўлганини тасдиқлашди.

Бизни ажаблантирган нарса шу бўлдики, бундан аввал, улар Давлат раҳбари келишидан огоҳлантирилган ва Шавкат Мирзиёевнинг ушбу шифохонага кириб қолиши эҳтимоли туфайли шифохонанинг айрим таъмир талаб жойларини бўяш ва оқлаш ишларини (эътибор беринг, ишчилар эмас, ҳамширалар) бажаришган. Бу гапни шу шифохонада даволанаётган, айни вақтда юқумли касалликлар шифохонаси алоҳида корпусига кўчирилган бемор болаларнинг ота-оналари ҳам тасдиқлашди. Улар 3-сон болалар шифохонаси ҳамшираларининг жорий таъмирлаш ишларини бажарганларига гувоҳ бўлишган.

Бундан ташқари, келтирилган бўёқлар етмагани сабабли жорий таъмирлаш ўтказилган қаватлар ҳамширалари 25 минг сўмдан пул ҳам йиғилгани, йиғилган пулларга қўшимча тарзда бўёқлар харид қилинганини айтишди. Биз суҳбатлашган ҳамширалардан бирининг айтишича,  1989 йилда барпо этилган шифохона шу пайтгача таъмирланмаган ва уни капитал таъмирлаш ҳақида 2015 йилдан бери гап бўлган. Аммо, шу йил бошида ҳам капитал таъмирланар экан, деган гап кейинчалик, таъмирлаш 2018 йилга қолибди, деган гапларга алмашган.

Аммо, Президент Шавкат Мирзиёев шаҳарга келиши ҳақида хабар чиққач, ҳамширалар шифохонанинг у ер-бу ерини ямашга тушиб кетишган. 10 августда эса, кутилмаганда эрталаб йиғилиш ўтказилиб, унда вилоят ССБ раҳбари шифохона капитал таъмирланиши, шу муносабат билан тезда шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасига кўчишга буйруқ берган.

Беморлар шу куннинг ўзида юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилган. Бу ишнинг бир кунда бажарилганига қойил қолмай илож йўқ, албатта.

“Биз учун, умуман ҳамма учун бу кутилмаган янгилик бўлди. Чунки, бир неча кун мобайнида биз жуда ёмон жойларни, ромларни бўяб, ойналарни тозалаш ишларини якунлаётган вақтда мажлисга чақиришиб, кўчиш буйруғини беришди”, - дейди ҳамширалардан бири.

Юқумли касалликларга кўчирилган бемор болаларнинг ота-оналарига кўра, кўчиш тўсатдан амалга оширилгани сабабли бино тайёр ҳолатда бўлмаган. Айни вақтда ундаги хоналарда 8 тагача каравот (битта ётоқда бола ва она) қўйилган.

Аслида беморлар кўчирилган бино ҳам ҳавас қилгудек эмас

Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига кўчирилган беморлар палатаси

Юқоридаги масалалар юзасидан Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонаси бош врачи билан гаплашганимизда, у бўёқлар учун пул йиғиш ҳолатларидан хабари йўқлигини айтиб, бундай бўлгани эҳтимолини рад этди. Унинг айтишича, капитал таъмирлаш аввалдан маълум бўлган. Бу борада Республика ва вилоят соғлиқни сақлаш мутасаддилари таъмирлашнинг смета-лойиҳаларини ҳам тузишган. Бош шифокорнинг сўзларига кўра, 3-сон болалар шифохонаси негизида йирик қурилиш ишлари амалга оширилади. Унинг ўрнида болалар шифохонаси, оилавий поликлиника ва алоҳида ажратилган ҳолда юқумли касалликлар шифохонаси жойлашади. У энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланади. Бош шифокор шу мақсадда 18 млрд сўм ажратилганидан хабардор экани, шундай экан кўчиш ва таъмирлаш тўсатдан бошланганини бемалол рад этишини таъкидлади. Капитал таъмирлашнинг Президент ташрифидан бир кун аввал бошланиши тасодифлигини билдирди. Чунки капитал таъмирлаш анча аввал режалаштирилган ҳамда шу масалада вазирликнинг юқори лавозимли мулозимлари ҳам бир неча бор келиб кетишган.

Таҳририят мухбири юқумли касалликлар билан касалланмаган беморларниинг худди шундай касаллик билан оғриганлар даволанаётган шифохонага кўчирилиши қанчалик тўғри экани ва умуман юқумли касалликлар шифохонаси ва бошқа шифохоналарнинг биноларини бирлаштириш меъёрий ҳужжатларга мос экани ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати билан боғланди.

Ўзини Республика ДСЭН эпидемиологи деб таништирган Азамат Рўзиев даставвал юқумли касалликлар шифохонаси биноси ва бошқа шифохоналар биноси бирлашиб кетишига ойдинлик киритди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Олмалиқ шаҳар 3-сон болалар шифохонаси негизида капитал таъмирдан кейин 90 ўринли болалар шифохонаси, оилавий поликлиника ва 30 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси бўлади.

Рўзиевнинг маълум қилишича, РДСЭНнинг 0292-сонли даволаш-профилактика муассасаларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш тўғрисидаги меъёрий ҳужжат талабига кўра, юқумли касалликлар шифохонасини алоҳида кириш-чиқиш йўллари, ҳудуди ва даволаш бўлинмалари билан бирга бошқа даволаш муассасаларидан ажратган ҳолда бир бинода ёнма-ён жойлаштириш мумкин.

Рўзиев иккинчи масалага тўхталар экан, алоҳида уқдиришича, бугунги кунда бўғма, шол, қизамиқ каби ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган хавфли юқумли касалликлар РДСЭН марказларининг самарали фаолияти туфайли йўқотилган. Шу боис, зарурат бўлиб қолганда, бошқа даволаш муассасаларини ҳам алоҳида ажратган ҳолда юқумли касалликлар шифохоналарининг биноларида жойлаштиришга рухсат этилади. Бунда даставвал бинони санитар-эпидемиологик талабларга мувофиқ зарарсизлантириш талаб этилади.

Олмалиқ шаҳар СЭН маркази мулозими бу ишлар талаб даражасида амалга оширилганини айтган бўлса, 3-сон болалар шифохонаси бош шифокори ҳам бу ишларга ўзи шахсан бош-қош бўлганини тасдиқлади. Шундай экан, айрим беморларнинг ота-оналари хавотирларига ўрин йўқ.

P.S.: Ҳамширалар орасида ҳам фонд пули йиғиш борлиги, касаллик тарихи саҳифаларидан нусха кўчириш ва канцелярия маҳсулотлари учун 300-400 минг сўмлик маошдан пул ажратишлари, беморларга арзон дорилар ўрнига таркиби бир хил бўлса-да қиммат дорилар ёзилиб, уларнинг қутиси йиғилиши ва ҳакозолар кейинги мақола мавзуси!

Толиб Раҳматов
Кун.uz мухбири