АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея АҚШ ва унинг иттифоқдошларига таҳдид қилишни давом эттираверса, афсус қилишини айтди.

“Агар (Ким Чен Ин – таҳр.) у очиқча таҳдид шаклида яна бирор гап гапирса ёки Гуамга нисбатан ёки АҚШ ва унинг иттифоқдошлари ҳудудидаги исталган жойга нимадир қилса, у тез орада бу ҳақда чинакамига афсус қилади», деб айтган Трамп.

Трамп Шимолий Корея раҳбарияти юзага келган вазиятнинг жиддийлигини англаётганига умид билдирган. “Улар мен айтган гапларнинг қанчалик жиддийлигини тўлиқ англамоқдалар, деб умид қиламан. Бу тушуниш осон бўлган гаплар”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти.

Аввалроқ АҚШ президенти Вашингтон Пхеньяннинг ақлсиз ҳаракатларига қарши ҳарбий жавоб тайёрлаганини айтган. “Шимолий Корея ақлсиз ҳаракат қилиши ҳолатига ҳарбий ечимлар тўлиқ тайёр. Умид қиламанки, Ким Чен Ин бошқача йўл топади!”, деб ёзганди Трамп твиттерда.

Охирги ҳафтада Пхеньян ва Вашингтон бир-бирларига таҳдидлар билдиришган. Аввал Трамп Шимолий Кореядан АҚШга нисбатан реал хавф солинса, Пхеньянга ’олов ва ғазаб” билан жавоб беришга ваъда берган. Шимолий Корея бунга жавобан АҚШнинг Гуам оролидаги ҳарбий объектларига зарба бериш имкониятини қўриб чиқаётганини айтган. Ўз навбатида Трамп бу таҳдидга агар Шимолий Корея етакчиси Гуам билан нимадир қилса, Шимолий Кореяда “ҳали ҳеч ким кўрмаган ҳодиса юз беришини” айтган.