Қозоғистон чегарачилари қирғизистонлик қонунбузарларга қарата ўқ узишди

Жаҳон 13 Август 2017 14554

Қозоғистонлик чегарачилар мамлакатнинг Қирғизистон билан чегарасидан ноқонуний ўтишга уринган кишиларга қарата ўқ узган, улардан бири ҳалок бўлган. Бу ҳақида республика чегарачилар хизматининг матбуот хизмати хабар берди

"Қозоғистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудуди 15 номаълум шахсдан иборат гуруҳ томонидан ноқонуний кесиб ўтилди. 12 август куни соат 20:00да давлат чегарасини қўриқлаш ва муҳофаза қилиш хизмати вақтида Тараз чегарачилар отряди томонидан Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги тўсиқни бузиб ўтишга уринган қонунбузарлар гуруҳи аниқланди", - дейилади идора хабарида. 

Матбуот хизматида таъкидланишича, қонунбузарлар чегарачиларнинг талабларига бўйсунишмаган ва "қўлбола воситалардан фойдаланиб чегарачиларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказишган".

Чегарачилар турли тан жароҳати олишган, дейилади хабарда, ва "ҳужумчиларга нисбатан қурол қўллашган (икки марта ўқ узишди)". "Натижада ҳужумни амалга оширганлардан бири жароҳат олган, қолганлари ярадор шахсни кўтариб, Қозоғистон Республикасининг энг яқин аҳоли пункти йўналишида яширинишган. Кейинроқ маълум бўлишича, ярадор ҳалок бўлган", - дейилади идорада. 

Шунингдек хабар берилишича, Тараз чегарачилар отряди ҳудуди муҳофазаси кучайтирилган, Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик қўмитасининг қўшимча куч ва воситалар жалб қилинган. 

"Ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига ҳам хабар берилган. Ҳозирда ҳужумчиларнинг шахсини аниқлашга доир қидирув тадбирлари ўтказилмоқда", - дея маълум қилинди чегара хизматида. 

Кўпроқ янгиликлар