Президентнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сонли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 14–15 август кунлари Шаҳрисабз шаҳрида «Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни» мавзусидаги Форум ташкил этилади. 

Ушбу Форум ишида туризм соҳаси бўйича ихтисослашган илмий ходимлар ва малакали ўқитувчилар, маданий мерос ва музей соҳасидаги тажрибали мутахассислар, туроператорлар, гидлар ҳамда талабалар иштирок этади, — деб хабар берди Кун.узга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши бўлим мудири Аҳрор Содиқов.

— Форумни ташкил этишдан мақсад — Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш, туман ва шаҳарларнинг туристик салоҳияти, жойлардаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни тарғиб қилиш, маданий-тарихий туризм, экотуризм, экстремал туризм, саргузашт туризм, таълим туризми, спорт туризми каби саёҳат дастурлари яратган ҳолда ёшларни мамлакатимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиё ва буюк аждодларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларига ёшлар ташрифларини уюштириш ҳамда уларда миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳини кучайтириш, туман ва шаҳарларнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишдан иборатдир, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Бекназаров.

Шунингдек, Форум доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси давлат туризм қўмитаси ўртасида меморандум имзолаш маросими ҳамда «Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни» мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилиши режалаштирилган.

Туризм соҳасига қизиқувчи ва унинг ривожланиши учун истиқболли таклифлар билан иштирок этиш ниятида бўлган ёшларни Шаҳрисабз шаҳрида кутиб қоламиз.

Ўз мухбиримиз.