Шимол ва жанубдаги корейслар ўртасида муносабатлар кескинлашиб бораётган бир пайтда АҚШнинг олий мартабали ҳарбийси Жозеф Данфорд Осандаги ҳарбий-ҳаво базасига ташриф буюрди. Душанба куни Корея яриморолига етиб келган қўмондон Данфорд Жанубий Корея президенти Мун Же Ин ҳамда шу ерда хизмат қилаётган АҚШ ҳарбийлари билан учрашиши режалаштирилган.

АҚШ ҳарбий мулозими Сикорский 2 UH-60 Black Hawks вертолётида Ҳамфрий лагерига бориб, у жойдаги шароит ва тайёргарлик билан танишиб чиқишни мақсад қилган. Қўмондон ижтимоий тармоқда қолдирган хабарга кўра, мазкур учрашув ва ташриф Шимолий Корея томонидан ҳужум уюштирилган тақдирда ҳимоя дастурини ишга тушириш ҳамда ҳаракатланиш босқичларини батафсил келишиб олишдан иборат.

Шундан сўнг, қўмондон Жозеф Данфорд содиқ иттифоқчиларидан бири Японияга, кейинроқ Хитойга ташриф буюришни кўзламоқда. АҚШ Мудофаа вазирлиги Ахборот хизмати тарқатган баёнотга кўра, учта муҳим ташриф «Давлат котиби Рекс Тиллерсон ташаббуси билан олиб борилаётган дипломатик келишувлар ҳамда киритилаётган иқтисодий санкциялар»нинг амалда самара бериши учун ўтказилмоқда.

Шимолий Корея ҳукуматининг «Гуамни йўқ қилиб юбориш» тўғрисидаги таҳдидига жавобан Япониянинг ерда ҳаракатланиб, ҳаводаги ракетани уриб туширувчи «Патриот» (PAC-3) комплекслари мамлакат префектураларига жойлаштирилди. Лекин, ўтган ҳафта расмий Пхеньян уч комплекснинг ҳам жойлашган координатасини аниқ билишини, улар Ҳирошима, Кочи ва Шиманида жойлашганини билдирган эди.

«Шунга қарамай япон «Патриот» комплекслари юқори ҳаво қатламидан учиб ўтаётган ракеталарни уриб тушира олмайди», дейди хусусий Стрэтфор разведка маркази катта таҳлилчиси Сим Тек.

Шунингдек, Япон денгизида иккита «Аэгис» (Таянч ҳимоя ҳарбий кемалари) ҳам фавқуллодда ҳолатга шай турибди.