Жорий йилнинг 7 август кунидан бошлаб ўзбекистонлик зиёратчиларнинг муборак ҳаж амалини бажариш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетишлари бошланди. Уларнинг сафарлари учун муносиб шарт-шароитлар ва қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, 12 августдан 13 августга ўтар кечаси Андижон вилоятида ҳам зиёратчиларни кузатиш учун алоҳида тайёргарлик кўрилди. Кун.uz таҳририяти мазкур тадбирда иштирок этди. Нуроний отахонлару онахонлар билан суҳбатлашилди.

- Аввало Аллоҳ таолога ҳамд-саноларимиз бўлсин. Шукрлар бўлсинки, бугун Андижон вилоятидан 1005 нафар зиёратчи муборак ҳаж сафарига кетишяпти, - деди Андижон шаҳар бош имом-хатиби Валижон Сиддиқбоев. – Кўриб турганингиздек барча зиёратчиларнинг кайфияти аъло, руҳларида кўтаринкилик бор. Ҳожиларимиз Президентимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан жуда миннатдор. Чунки ҳар йили вилоятимиздан 650 нафарга яқин зиёратчи ҳаж сафарига йўл олишган бўлса, бу йилга келиб уларнинг адади кўпайди – 1005 нафарга етди. Бу, албатта, барчаларимизни бирдек қувонтиради.

Сафарга отланганлар Андижон халқаро аэропортида жам бўлишди. Уларга ширинликлар улашилди. Зиёратчиларнинг юкини тушириш ва жойлаштириш ишларида бир гуруҳ кўнгилли ёшлар иштирок этишди. 

Зиёратчилар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг дилларидаги шукроналик ҳисси тилларига кўчди.

- Мана шундай муборак жойларга бораётганимдан жуда хурсандман, - деди биз билан суҳбатда Турдихон ая Султонова. – Шароитлар жуда яхши. Биздек кексаларни улуғлаб, мана шундай имкониятлар тақдим этгани учун Президентимиздан миннатдорман. Ўша ерга бориб, уларнинг ҳақларига ҳам, албатта, дуода бўламиз.

- Хурсандчилигимнинг чеки йўқ, - деди яна бир зиёратчи Абдумалик ота Бўтаев. – 20 йил деганда навбатим келди. Ўзим 15 йилдан зиёд вақт мобайнида автомобиль ишлаб чиқарувчи корхонада ишлаганман. Ўғил-қизларим, невараларим бор. Муқаддас жойларга бориб, муборак ҳаж амалини мукаммал бажариб келсак, бундан ортиқ бахт йўқ биз учун.

Зиёратчилар Андижон вилоятининг барча мутасаддилари иштирокида Наманган вилоятига кузатилди. 13 август куни соат 8-9лар оралиғида Мадина шаҳрига учиб кетишди.