Ота-она учун  фарзанд ҳаётининг давомчиси, кўзининг оқу қораси ҳисобланади. Улар фарзандининг ўсиб-улғайиши учун жонини жабборга бериб, меҳнат қилади. Ўзи емаганини едиради, киймаганини кийдиради. Эвазига боласининг ақлли-ҳушли, одоб-ахлоқли, комил инсон бўлиб етишиб, “отангга раҳмат!” деган мақтов олиб келишини хоҳлашади. Бу барчанинг нияти. Қолаверса, улар кексайиб, куч-қувватдан қолганда танига мадор, белига қувват бўлишини ҳам  исташади. Худога шукур, бундай ўғил-қизларимизнинг саноғидан адашамиз. Лекин афсус билан айтишимиз керак, ота-оналик меҳрини суиистеъмол қилиб, бўйи бўйларидек, ёши фалонга етса ҳам ота-онага раҳмат эмас, фақат ташвиш келтираётган, уларни эл-юрт олдида бошини эгаётган фарзандлар ҳам учрайдики, бундай ўғил-қизнинг, айниқса, йигитларнинг қилмишлари кўпчиликнинг нафратига учрайди, холос.

Биринчи мисол

Маҳмуд (баъзи бир сабабларга кўра фамилиялари кўрсатилмади) оилада камлик кўрмай ўсди. Эрка ўғил эмасми, айтгани-айтган, дегани-деган, ота-онага “фалон нарса олиб беринг”, деб илтимос эмас буйруқ қиларди. Шу тариқа, яйраб-яшнаб вояга етган йигит, анча вақтгача ота-онасининг “соя”сида турмушнинг аччиқ-чучигини қўштирноқ остида “тотди” десак муболаға бўлмайди. Нега десангиз, уни йигирма ёшида уйлантириб қўйгач ҳам рўзғорини ота-онаси бир маромда тебратиб борди. Маҳмуд қўшниларининг кўзини шамғалат қилиш мақсадида аввал ташкилотларда, кейин устачилик билан номигагина ишлади. Аммо жўравозликни канда қилмади. Улфатчилик, маишатбозлик унинг кун тартибидан ўрин олганди.

Ҳамма ишнинг чеки, чегараси бўлганидек, Маҳмудни бундай юриши Яратганга ҳам хуш келмади. Қолаверса, ўзидан кетиб, жиноятга ҳам қўл урди. У жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбланди. Яхшиямки, мамлакатимизда инсонпарварлик тамойили бор экан. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Амнистия тўғрисида”ги Фармонини тегишли бандига асосан содир этилган жинояти тугатилди.

Маҳмуднинг меҳнат фаолиятига келадиган бўлсак, у асосан уйдаги автомашиналарнинг кузовини таъмирлаш устахонасида ишларди. Айниқса, мижозларининг буюртмасини қойилмақом бажаргач, улар хурсанд бўлишганида хизмат ҳақига қўшимча равишда зиёфат ҳам беришарди. Ана шу зиёфатлар уни бутунлай спиртли ичимликка ружу қўйишига сабаб бўлди. Бора-бора унинг хурмача қилиқлари туфайли мижозларни “оёғи узила” бошлади. Шунинг учун ҳам у отасидан пул талаб қиладиган бўлди. Деярли ҳар куни маст, уйда эса машмаша, жанжал. Ичкиликнинг дастидан биринчи хотини билан ажрашган, иккинчисига ҳам кун бермасди. Уларни ажратишга тушганларини эса аямай дўппосларди. Кўпинча отаси ўртага тушиб, ўз пушти камаридан таёқ ер эди. 

Ўрни келганда бир нарсани айтиб ўтсам. Бу муштумзўр ўғил кичкина эмас: ёши қирқ бешга яқинлашган. Ҳатто бир нафар набираси ҳам бор. Аммо босилишни сира хаёлига келтирмасди. Яна  бир далилни келтирсам. Маҳмуд доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги боис вилоят наркология диспансерида бир неча маротаба ётиб даволаниб чиққанди. Барибир бунинг фойдаси бўлмади. Ҳар куни ҳовлида “цирк томошаси” қўйиларди. Оила аъзоларидан ташқари, қўшнилари ҳам безор бўлиб кетганди, унинг дастидан.

Ана шундай “томоша”ларнинг бирида фожиа юз берди. Маҳмуд арзимаган баҳонаи сабаб билан отасини аёвсиз дўппослаб ва белкурак билан шафқатсизларча уриб, қовурғаларини ҳамда бурун суягини синдирди. Отаси ҳолдан тойиб йиқилгач эса уни буғиб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказди. Ниҳоят отани қасддан ўлдирди.

Жиноят жазосиз қолмади. Мастлик оқибатида ўз падарини ўлдирган Маҳмуд суд ҳукми билан ўн етти йил озодликдан маҳрум этилди.

Бир донишманддан: “Ер юзида тириклар кўпми, ўликларми?”, деб сўрашганда у ўликлар кўп деб, жавоб қилган экан. “Негаки қалб кўзи юмуқ одамларни ҳам мен ўликлар қаторига қўшаман”. Маҳмуднинг бу қадар шафқатсизларча инсон ҳаётига нуқта қўйишига қалбан сўқирлиги сабаб эмасми?.. 

Иккинчи  мисол

...Жасур қишлоқда бўлаётган тўйга борди. Тўйда спиртли ичимлик қўйилиши табиий ҳол. Унинг ичишини қишлоқдошлари биларди. Қорни очми, ё тўқми ҳеч ким сўрамади. Кетма-кет узатилган ароқлардан тўйиб ичди ва у “етилиб”  қолди.

Тўйхонадан дабдираб-сабдираб чиқиб, уйига равона бўлди. Уйида тахминан икки соатча хотини ва онасига “лекция” ўқиди. Сўнгра хотинига: “Сомса ейишга борамиз, отлан”, деди. Хотини эса кеч бўлганлигини “эслатиб” қўйди. Жасур бўлса яна дабдираб судралиб, кўчага чиқди. Онаизори хавотирланиб, уйга олиб кирмоқчи бўлди. Аммо улар йўлда анча вақт қолиб кетди. Ана шу вақт орасида даҳшатли манзара рўй берди. Буни асосий гувоҳлардан бири бўлган онаизорнинг судда берган кўрсатмасидан парча келтирсак, жиноятнинг тафсилотини билиб оласиз:

“...Бир вақт қўшни қишлоқда яшовчи Нарзиқул машинадан тушиб, йўл бўйлаб ўтиб кетаётган эди. (У билан бир синфда ўқиганмиз.) Мени кўриб: “Ҳа, Раънохон”, деди. Унинг бу гапи ўғлимга қаттиқ тегдими ё мастлиги устун келдими ҳарқалай Нарзиқулга: “Отаси йўқ экан, деб уйимизга келаяпсанми?”, деди. 

Нарзиқул ўғлимнинг гапига ҳазиллашиб: “отаси йўқ, деб келдим”, деса бўладими?! Жасур ҳам шуни кутиб турган эканми, унинг юзига бир мушт туширди. Нарзиқул юзтубан асфальт йўлга йиқилди.

Уларни ажратишга ҳаракат қилдим. Аммо ажрата олмадим. Сўнг уйга кириб, иккинчи ўғлимни ёрдамга чақирдим. У ҳартугил ажратиб, Нарзиқулни ўрнидан турғазиб юборди, акасини эса уйга олиб кирди. Эртаси куни Нарзиқул шифохонага тушганлигини эшитдим...”  

Шундай қилиб, Нарзиқул шифохонада саккиз кун кома ҳолатида ётди. У ўзига келмади. Шифокорларнинг хизмати ҳам, дори-дармонларнинг фойдаси ҳам бўлмади. У вафот этди.

Жасурнинг айби суд тиббий экспертизаси хулосасида кўрсатилган бўлиб, Нарзиқулнинг мурдасида тан жароҳатларидан ташқари пешона, иккала кўз, ёноқлари, лунжлари, бурни, юқори лабидаги шилинма ва қонталашлар, юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши шу соҳаларга чегараланган юзали ўтмас қаттиқ (мушт, пойафзалли оёқ ёки шунга ўхшаш) жисмларни бир неча марта таъсирида ҳосил бўлган. Айни ҳолатда унинг ўлимига сабаб бўлган. Унда алкоголли ичимлик белгиси йўқлиги қайд қилинган. Шунингдек, жиноят ишида тўпланган бошқа барча далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топди.

Шундай қилиб, Жасур ҳам қилмишига яраша жазоланди.

Изоҳ: юқорида тафсилотлари келтирилган жиноятлар бундан икки-уч йил илгари содир этилган эди. Улар бежиз келтирилмади. Чунки бугунги мавзу ноқобил фарзандларнинг нохуш ҳолатлари қандай якун топаётгани хусусида. Навбатдаги мисол ҳам шулардан бири.  

Учинчи  мисол

Ота-боболаримиз азалдан ҳалол билан ҳаромни фарқлашган. Луқмаи ҳалол, ҳаром, макруҳ деган иборалар бежиз айтилмаган. “Ҳалолликнинг илдизи мингта, ҳаромнинг илдизи битта”, “Ҳаромдан ҳазар қил”, деган нақллар ҳаёт кузатувларидан келиб чиқиб айтилган. Бу галги “қаҳрамон”ларимиз ичкилик ичиш билан биргаликда ўғрилик жиноятига ҳам қўл уришади.

Аввалига “қаҳрамон”ларимизга қисқача таъриф берсак. Р.Валимурод (исмлари ўзгартирилган) 1973 йили Қизилтепа туманида туғилган, оилали, уч нафар фарзанди бор. Муқаддам беш маротаба судланган. Н.Латип 1981 йили Навоий шаҳрида туғилган. У  ҳам оилали, икки нафар фарзандли. Уч марта судланган. Й.Холбек ва Л.Одилбеклар ҳам қизилпеталик. Бири йигирма етти ёшда, иккинчиси йигирма олтида. Улар ҳам оилали ҳамда судланган. Ҳаммасини бирлаштириб турган “халқа” ишламай бойлик орттириш ва кайф сафода юриш...

Қисқаси, пихини ёрган ўғрилар тавбаларига таянмай “фаолият”ларини яна давом эттиришга киришишди. Улар Ғиждувон туманидаги деҳқон бозори ёнида қўйилган қаровсиз ҳолдаги автомашиналарни тунамоқчи бўлишди. Бу “усул”нинг устаси фаранг бўлиб кетишган эдилар. Бири автомашина келиб тўхтагач, ҳайдовчининг кетидан тушиб, изма-из пойлаб юради. Қолганлари атрофни кузатиб, навбатма-навбат вазифаларини бажаришади. “Ўлжа” қўлга киритилгача ҳайдовчини кузатиб юрган шеригини телефон билан чақириб олишади.

Мана, ҳозиргина “Матиз” русумли автомашина келиб тўхтади. Ҳайдовчи машина юкхонасини очиб, сумкадаги пуллардан бир дастасини олиб, бозорга равона бўлди. Унинг кетидан Одилбек тушди. Холбек юкхонани ўзи билан олиб келган тикув қайчиси ёрдамида очди. Валимурод сумкани дарров олди. Латип эса Одилбекка телефон қилди. Шу тариқа, биринчи “операция” муваффақиятли бўлди. Ўлжа 3 миллион сўм экан. Тенг тақсимлаб олишди  ва жуфтакни ростлашди. 

Орадан бир ҳафта ўтиб, улар яна Ғиждувон туманига пайдо бўлишди. Бу сафар автотураргоҳ олдидаги қаровсиз ҳолда қолдирилиб кетилаётган автомашиналардан бирини тунамоқчилар. Худди шундай бўлди. “Нексия” русумли автомашинанинг олд ён эшигини очишиб, ўғрилик қилишмоқчи бўлишганда автотураргоҳ қаровули сезиб қолди. У  зудлик билан одамларни ёрдамга чақириб, ўғриларни ушламоқчи бўлди. Аммо ўғрилар жиноятни охирига етказа олмай, тўрт томонга қараб қочди. 

“Бузоқнинг югургани сомонхонагача, ўғрини қочгани қамоқхонагача” деганлари рост. Тезкор изланишлар натижасида ўғрилар қўлга олинди. Улар  айбларига иқрор бўлишиб, етказилган зарарни ҳам жабрланувчиларга қайтаришди  ва қилмишларига яраша жазоларини олишди.

Бундай мисолларни  яна кўплаб келтиришим мумкин. Бироқ ота-онанинг бошини хам, юзини шувут қилаётганлар ҳар қадамга учраши ачинарли ҳол. Яна ота-оналар фарзандларини уйли-жойли қилиб қўйган бўлишса-да, тирик товон бўлиб юрганларини қандай тушунса бўлади?! Шунинг учун ўз вақтида фарзандларимизга тўғри тарбия ва одоб-ахлоқни ўргатсак, кўп талтайтириб юбормасак, балки бундай жиноятлар содир этилиши камаярмиди?!