Хитойдаги махсус ўқув муассасасида интернетга қарамликдан даволанаётганига атиги икки кун бўлган ўсмир ҳалок бўлди. Бу ҳақида Хитой Марказий телевидениеси (CCTV) хабар берди. 

Унга кўра, 18 ёшли Ли Ао воқеаси август ойи бошида Аньхой провинциясида рўй берган. Ўсмир ота-онаси билан Фуян шаҳар округидаги Линьчуань уездида истиқомат қилган. 

Марҳум ўсмирнинг онаси Лю Дунмэйнинг сўзларига кўра, у ўғлининг интернетга қарамлигидан қандай даволанишни билмаган ва эри билан уни Луцзян уездида жойлашган махсус ўқув муассасасига даволашга йўллашга қарор қилган. 

3 август куни ўсмир махсус мактабга олиб келинган, 48 соатдан сал камроқ вақт ўтгач, яъни 5 август куни ўсмирнинг ота-онасига интернатдан қўнғироқ қилишган ва ўғлининг соғлиғи ёмонлашгани, шифохонага жойлаштирилганини айтишган. Ота-она шифохонага етиб келганларида уларга ўсмирнинг ҳаётдан кўз юмгани айтилган. 

Марҳумнинг онаси айтишича, улар зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун моргга келишганида ўғлининг танаси бошдан оёқ жароҳатларга тўла эканини кўришган. Унинг сўзларига кўра, ўсмирнинг бел, билак, тиззалари, елкалари ва бош қисмларида жароҳатлар бўлган. Бутун танада жами 20дан ортиқ жароҳат бўлган. 

Таъкидланишича, бугунга келиб муассаса маҳаллий ҳукумат томонидан ёпилган, раҳбар ва 4 нафар ходим полиция томонидан қўлга олинган. Тергов олиб борилмоқда, ўлим сабаби аниқланмоқда. 

Онанинг маълум қилишича, ўғлини даволашга жўнатишдан олдин у махсус мактабга қўнғироқ қилган, у ерда даволашда психология ва ҳарбий тарбия қўлланиши, жисмоний жазо қўлланмаслиги айтилган.

CRI маълумотларига кўра, интернетга қарамлик Хитойда 2008 йилнинг ноябридан расман психик касаллик дея тан олинган. 

Хитой халқаро радиосининг маълум қилишича, ХХРда 720 миллиондан зиёд интернет фойдаланувчиси бўлиб, улардан 23 фоизи - вояга етмаганлар.