Кун.uz таҳририятининг ижодий жамоаси “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” доирасида Қашқадарё вилоятида бўлди. Вилоят аҳолиси томонидан таҳририят электрон почтасига келиб тушган мурожаатларнинг аксари ўз ўрнида ўрганилди ва шу асосда қатор мақолалар ҳам эълон қилинди. Шу билан бирга, кўп сонли мурожаатлар Қашқадарё вилоят ҳокимлигига ҳам тақдим этилди ва уларга жавоб олинди.

Мурожаатларда ўз ифодасини топган янги иш ўринлари, тадбиркорликни ривожлантириш, бозорлардаги ҳолат ва нарх-наво мавзусига ҳам вилоят мутасаддилари жавоб йўллашди.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Саволларим қуйидагилардан иборат: 
1. Бозорда нархлар нимага кўтарилиб кетяпти? Иш ҳақи кўтарилгани йўқ-ку? 

2. Пластик карточкани банкда нақдлаштириш масаласини ким ҳал қилади? Юқори фоизга иш ҳақимизни нақд пулга алмаштириб, ойлигимизнинг 15 фоизини кимларнингдир кредит фоизини ёпиш учун топшираверамизми?

3. Гўшт нархи кўтариляпти, бунинг асосий сабаби омухта, ем-шрот, шелуха сотувчилар. Уларни назоратини кучайтириш керак. Ўшанда гўшт нархи пасаяди. Уларни ким назорат қилади?

4. Барча вилоятларда бензин АЁҚШда сотилади. Нима учун Қашқадарёда бензин АЁҚШ ёнида, бакалашкаларда сотилади? Бундан кимлар манфаатдору нимага олди олинмайди? Ҳар бир ёқилғи қуйиш шохобчасига бензин берилади. Берилган бензин тўғридан-тўғри бакалашкаларга қуйилмоқда”.

1.Бозор иқтисодиёти шароитида маҳсулотлар нархлари кўпроқ ўзаро бозор қонунлари асосида тартибга солинади. Шунингдек, фақатгина давлат ресурслари ҳисобидан ажратиладиган маҳсулотларга аниқ нарх белгилаб берилади.

Барчамизга маълумки бозорларимизда тўкин-сочинликни таъминлаш орқали нархлар барқарорлигини сақлаш мақсадида давлатимиз томонидан алоҳида озиқ-овқат Дастури амалга оширилмоқда. Масалан, жорий 2017 йилда ҳам 359 млрд сўмлик 838 та лойиҳа, хусусан, 359 та чорвачилик, 53 та паррандачилик, 51 балиқчилик, 39 та асаларичилик, 77 гектар иссиқхоналар, 27 минг тонналик совутгичли сиғимларни ташкил қилинаётганлиги бозорлардаги тўкинлик ва нарх-наволарни арзонлаштиришга қаратилган. Бундан ташқари, бозорларда нархларни арзонлигини таъминлаш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида ҳар бир туманда ишчи гуруҳлар ташкил қилинган бўлиб, улар томонидан доимий мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.

2. Бугунги кунда вилоятимизда 64 та банк филиали фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу филиалларнинг барчасида фуқораларнинг пластик карточкасидага пул маблағлари белгиланган тартибда, чекловларсиз нақдлаштириб берилади. 

Агар тижорат банклари томонидан бундай хизматлар кўрсатиш жараёнида ноқонуний равишда устама фоизлар талаб этилса, Марказий банк вилоят Бош бошқармасининг ишонч телефонларига (221-16-55, 221-13-99) мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

3. Албатта гўштнинг нархи унинг таннархига таъсир қилувчи омухта ем, шрот, шелуханинг нархига жуда боғлиқ. 

Шунинг учун, биринчи навбатда, омухта ем, шрот, шелухани белгиланган нархларда аҳолига етказиб борилишини таъминлаш бўйича, айниқса, уларни олибсотарлар қўлига чиқиб кетмаслигининг олди олиш мақсадида вилоят ИИБ, СВОЖЖДЛҚ департаменти, Давлат солиқ бошқармаси, вилоят омухта ем, шрот, шелуха сотиш бирлашмаси ҳамкорликда назорат тадбирларини кучайтирганлар.

Бундан ташқари, жамоатчилик ташкилотларида алоҳида гуруҳлар ташкил қилиниб, улар қассоблар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришяпти.

4. Вилоятимизда Қарши ва Шаҳрисабз нефть маҳсулотлари корхоналари  томонидан АЁҚШлар орқали автобензин маҳсулоти чакана савдоси амалга ошириб келинади. Кейинги  пайтларда  нефтни қайта ишлаш корхоналари томонидан белгиланган график доирасида автобензин махсулотининг етказиб бериш камайганлиги  сабабли маҳсулот танқислиги келиб чиқиб, табиийки, бундан айрим олғир “тадбиркорлар” ўз манфатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бундай нохушликларнинг олдини олиш мақсадида давлат солиқ, СВОЖЖДЛҚ департементи, Нефтгазинспекция вилоят бўлимлари ҳамкорликда доимий равишда назорат тадбирларини олиб бориб, чайқовчиларга қарши кураш олиб борилмоқда. 

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Қишлоғимиз аҳолиси йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Фуқаролар рўзғор тебратиш учун ҳар йили баҳор эшик қоқиши билан қаҳратон қишгача Россияга ишлагани кетишади. Тўғри, уларнинг кўпчилиги олий маълумотли эмас, лекин қурилиш ишларида қишлоқдошларимга етадигани йўқ. Ҳозир қишлоғимизда коллеж ёшидаги ўқувчилар ва элликдан ошган кишилардан бошқа кучга тўлган эркакларнинг 70 фоизи (тахминан) Россияда ишлашмоқда. Вилоятимизда улар учун иш ўрни яратилса-ю кучга тўлган йигитлар ўз юртида баланд-баланд иморатлар қурса, давлатимизга фойдаги тегса дейман. Бошқа томондан олиб қараганда, уларнинг фарзандлари ота тарбияси, меҳридан мосуво. Айб кимда? Айбдорни излашнинг ҳожати йўқ. Шунчаки туманимизда катта-катта фирмалар, корхоналар қуриб уларни иш билан таъминлаш зарур. 2017 йилнинг 6 майида “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори айни муддао бўлди”.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги СҚ-124-III-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё вилоятида 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра вилоятнинг 71537 нафар иш билан банд бўлмаган аҳолиси бандлигини таъминлаш назарда тутилган.

- иқтисодий дастурларни амалга оширилиши ҳисобига 14575 та;

- фаолият кўрсатмайдиган корхоналарни тиклаш ва давлат объектларини ижарага бериш ёки хусусийлаштириш бўйича 1617 та; 

- аҳолига тижорат банкларининг микрокредитларини бериш орқали 12 817 киши;

- якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларга ёлланиб ишлашга 7317 та; 

- мавжуд корхона ва ташкилотлар, шунингдек, кичик бизнес субъектлари учун амалдаги имтиёзларни сақлаб қолиниши ҳисобига иш ўринларини 6800 тага кўпайиши; 

- бюджет ташкилотларида табиий ҳолатга кўра, пенсияга чиқадиганлар, кўчиб кетадиганлар, вафот этадиганлар ҳисобига 2810 та иш жойи бўшаши орқали аҳоли бандлигини ошириш назарда тутилган.

Хусусан Шаҳрисабз туманида ҳам 2017 йилда 6926 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш назарда тутилган.

Хусусан: барқарор иш жойлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, саноат йўналишида 162 та лойиҳани амалга ошириш орқали 648 та; 28 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси ҳисобига 110 та ва 129 та қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш орқали 516 та иш жойлари ташкил этиш ва уларга банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш кўзда тутилган.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Қашқадарёни кўзга кўринган муаммоси ишсизлик ва томарқа масаласидир. Бу муаммолар Китоб туманида яққол кўзга ташланади. Китоб туманининг 70-80 фоиз ёшлари Россия, Қозоғистонга ва Ўзбекистон бозорларида ишлаяпти. Улар шу ерда иш бўлса, ишлашга рози. Лекин иш йўқ. Вилоят ҳокимига мурожаатим Китоб туманида битта кўзга кўринадиган завод ёки фабрика қачон қурилади? Қачон Китоб аҳолиси узоқда эмас, оиласи бағрида ишлайди?”

Китоб туманида 2017 йил саноат йўналишида 40204.0 млн сўм ва 4.0 млн доллар хорижий инвестициялар эвазига 115 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 1071 та барқарор иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. 

Хусусан Китоб туманидаги EAST AGRO INТERNATIONAL масъулияти чекланган жамият 500 млн сўм маблағ ҳисобига мева-сабзавотларни қайта ишлаш (консерва маҳсулотлари) лойиҳасини 1 августга қадар амалга ошириш орқали 60 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.  

"Китоб регно" Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси 9.0 млрд.сўм ҳамда 4.0 млн.АҚШ доллари ҳисобига 1 декабрга қадар чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 50 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Мурожаат: “Ассалому алайкум. Мен вилоят хокимидан бизнес режамни амалга оширишда амалий ёрдам сўраб мўрожаат қилмоқчиман.

Қисқача мазмуни Қашқадарё вилояти Шахрисабз туманида мева-сабзавотни қайта ишлайдиган завод очмоқчиман. Ушбу режани амалга ошириш учун инвестор ва бизнес лойиҳам тайёр.

Муаммо жой масаласи бўляпти. Яъни, Шаҳрисабз шаҳрининг “Дўстлик” маҳалласи, С.Айний кўчасида жойлашган “Эртест” анчадан бери фаолият кўрсатмай келмоқда. Шу жойни ноль қийматга олишда амалий ёрдам сўраб, ушбу бизнес лойиҳамни амалга оширмоқчи эдим. Мақсад Шаҳрисабзда янги завод қуриш ва 300 дан ортиқ иш ўрини яратиш.

Ҳурмат билан Санжар Қурбонов”

Шаҳрисабз шаҳрининг “Дўстлик” маҳалласи, С.Айний кўчасида жойлашган “Эртест” “Қашқадарё агросервис” МТП МЧЖнинг ҳисобига турган Китоб туман бўлими ҳисобланади.

Масъулияти чекланган жамиятлар томонидан биноларини бегоналаштириш ва сотиш Ўзбекистон Республикасининг масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги қонунига асосан амалга оширилиши белгилаб қуйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2796-сонли қарорига асосан “Қашқадарё агросервис” МТП МЧЖ томонидан Китоб МТП (собиқ “Эртест”) бино ва иншоотларида 2017 йилда боғ ва иссиқхона, товуқ, қуён ва қорамол боқишни ташкил этиш белгиланган.