Венесуэлада «ташқи интервенция уюштириши» мумкинлигини айтган президент Доналд Трампдан сўнг, мамлакат вице-президенти Майкл Пенс якшанба куни сўзлаган нутқида «​Венесуэладаги сиёсий инқирозни тинч йўл билан ҳал этишнинг кўплаб йўллари бор»​ эканини таъкидлаган.

Лотин Америкадаги бир неча давлатга ташриф буюриши режалаштирилган Майкл Пенснинг айни сўзлари Колумбиянинг Картахена шаҳрида янгради. «​Венесуэла масаласида ечим топиш учун ихтиёримизда кўплаб танловлар турибди. Президент Лотин Америкасидаги иттифоқчиларимиз билан муаммо тинч йўлда ҳал қила олишимизга ишонади»​, деб фикр билдирган у.

Президент Трампдан фарқли равишда вице-президент «юмшоқ дипломатия» тилида фикрини баён этди: «​Биз мазкур яримшардаги озод халқлар билан елкама-елка демократия тантана қилиши учун сўнгги дамгача бирга бўламиз»​, дейди Пенс.

Шунингдек, ОАВ учун ўтказилган қўшма матбуот-анжумани пайтида Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантос «​ҳар қандай интервенция шаклига қарши»​лигини билдирди. Майкл Пенс эса АҚШ қўшимча иқтисодий санкцияларни жорий этиш бўйича лойиҳа тайёрлашини маълум қилган.