Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги "Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги 528-сонли қарори чоп этилди. "Норма.уз" сайти мактабгача таълим муассасаси (МТМ) фаолиятига доир қоидалар ҳақидаги маълумоти билан бўлишди.

Унга кўра, МТМ мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • болаларни ҳар томонлама интеллектуал, аҳлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;
  • болаларни таълим ва тарбия орқали мактабга сифатли тайёрлаш;
  • болаларни мактабгача таълимга жалб қилиш.

Давлат мактабгача таълим муассасасида беш кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, қуйидаги иш тартиби жорий этилади:

  • 12 соатли;
  • 10,5 соатли;
  • 9 соатли;
  • 4 соатли.

Давлат мактабгача таълим муассасасига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади (аввал бу кўрсаткич 2-6 ёшни ташкил қилган, алоҳида ҳолатларда 7 ёшгача қатнашга рухсат берилган).

Болаларни МТМларга қабул қилиш учун қабул комиссиялари тузилади. Ушбу комиссиялар 5 нафар кишидан иборат бўлади.

  • қабул комиссияси раиси — халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими мудири;
  • қабул комиссияси аъзолари — давлат мактабгача таълим муассасаси мудири, методисти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили.
  • қабул комиссияси котиби — халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимининг мактабгача таълими бўлими мутахассиси.

Давлат МТМларига йўлланма олиш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) томонидан қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича йўлланма бериш тўғрисида ариза;
  • боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси;
  • боланинг отаси ёки онасининг паспорт нусхаси;
  • яшаш жойидан маълумотнома;
  • ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишласа).

Тақдим этилган ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан етти кун муддатда кўриб чиқилиб, қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

  • болани ота-оналар томонидан ёзилган аризада кўрсатилган давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун йўлланма бериш тўғрисида;
  • ота-оналар томонидан ёзилган аризада кўрсатилган давлат мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин бўлмаган ҳолларда топширилган ҳужжатларни навбатга қўйиш тўғрисида;
  • ота-оналар томонидан ёзилган аризада кўрсатилган давлат мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин бўлмаган ҳолларда, ота-оналарнинг хоҳишига кўра тегишли ҳудуддаги бўш ўрин (жой) мавжуд бўлган бошқа давлат мактабгача таълим муассасасига йўлланма бериш тўғрисида.

Қабул комиссиясининг қарори ҳақида уч кун муддатда ариза берувчиларга маълум қилинади.