Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари Москвадаги транспорт объектлари ва йирик савдо майдонларида портлашлар уюштиришни режалаштирган террорчилик гуруҳи аъзоларини қўлга олди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

«Москва минтақасида кишилар гавжум бўладиган жойларда терактлар сериясини амалга ошириш ниятида бўлган террорчилик гуруҳининг фаолиятига чек қўйилди», - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, портлашлар худкуш террорчилар ёрдамида амалга оширилиши лозим бўлган.

Аниқлик киритилишича, амалиёт давомида террорчилик гуруҳи аъзолари, жумладан жиноятга тайёргарлик кўриш бўйича куратор – ИШИД эмиссари, портловчи қурилмаларни тайёрлаш бўйича мутахассис, шунингдек, икки худкуш террорчи қўлга олинган.

Аввалроқ Москва вилоятида терактга тайёргарлик кўрган марказий осиёлик икки шахс қўлга олингани хабар берилганди.