Одамзот ҳамиша нимагадир ишониб, интилиб яшайди. Эртанги кунга, дўстларга, қариндошларга ва ҳамда маслакдошга ишонади. Агар одамлар орасида ўзаро ишонч туйғуси бўлмаганида, давлатлар, жамиятлар, оилалар ва турган гапки, бугунги одамлар, бугунги цивилизация ҳам дунёга келмаган бўлар эди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Лекин  ҳозир одамга қон билан кирадиган ўзаро ишонч туйғуси ва уни суиистеъмол қилувчилар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Бухоро тумани ИИБ тергов бўлинмаси катта терговчиси, катта лейтенант Лазиз Ражабов фаолияти давомида ишончни суиистеъмол қилиб дунё орттирмоқчи бўлган шахслар қилмиши юзасидан кўплаб тергов ҳаракатларини олиб бораяпти. Унинг навбатдаги тергов иши – жиянларини чув туширган тоға хусусидадир. 

Тоға  азалдан отанинг ўрнини босувчи буюк зот сифатида қадрланади, ҳурмат қилинади. Ана шундай зотлар ҳам баъзан ишончни оёқости қилиб, фирибгар, муттаҳам деган шармандали ном орттиришини хаёлимизга ўйлаб кўрмаган эканмиз.

Шу ўринда бир илова келтириб ўтсак: “Қаҳрамон”имиз – Наим Расулов (мақола қаҳрамонларининг исм-фамилияси ўзгартирилган) ўқимишли, раҳбар лавозимларида ишлаган шахс. Ёши элликка яқинлашган, айни пайтда оддий ишчи бўлиб ишлайди. У жиянлари – Дилдош ва Дилбарларнинг ишончини қозониб, “девор”  ушлатмоқчи бўлади?! Аммо, лекин, бироқ...  

МАЪРАКАДАГИ  КЕЛИШУВ

Меҳмонларнинг оёқлари узила бошлагач, Дилдош Наим тоғасига “кетманг, сизга маслаҳатли иш бор”, деди. Наим томоғини қириб қўйди ва хурсанд бўлиб бир чеккага ўтирди.  Сўнг “Ака-сингиллар хориждан яхши ишлаб келган кўринади. Меникилар эса нонга товон...”, дея кўнглига ҳасад аломати йўрғалади.

- Наим тоға, Дилбар янги қурилаётган намунали уйлардан олмоқчи. Шунга ёрдам берсангиз, албатта сизни ҳам қуруқ қолдирмаймиз, - деди Дилдош меҳмонларни кузатиб бўлгач.

- Шуми... гапинг... ман ўйлабманки, - Наим ўзини аразлагандек кўрсатиб, ёлғондакам кетмоқчи бўлди ва охирги сўзини илмоқли қилиб, –маъракачанг  йўқми?! Унда уй кейинга қолдирилади, - деди.

Ҳаммаси бўлади. Тушликка. Бу иш қўлингиздан келадими?!

Дилдошнинг сўзлари Наимнинг нафсониятига теккандай бўлди. Шу боис у бир қизариб олди-да, жиянини гап билан “едириш” учун оғиз жуфтлади:

Сан ҳам пулдор бўлиб, бойларга ўхшаб...

Наим сўзини давом эттирмай кулиб юборди. Дилдош ҳам унга жўр бўлиб, “Қўйсангиз-чи, тоға”, дея уни ичкарига олиб кирди. Ичкарига Дилдошнинг онаси Саида хола набираларини ўйнатиб турган экан. Улар ҳол-аҳвол сўрашгач, Дилдош онасига қараб:

- Тоғам билан Дилбарнинг масаласини гаплашиб олинглар. Мен унгача у-бу тайёрлатиб келаман. Ҳозир ўзини ҳам чақириб юбораман, - дея ташқарига йўналди.

*/*

- Қизим домга қисилиб қолган. У намунали қурилаётган ҳовлилардан олмоқчи, - деди соддадил онахон Наимга юзланиб.

- Ҳовлига катта пул керак, хола. Дилбарнинг пули етармикан?! – дея ўсмоқчилаб сўради Наим.

Етмаса, биз бор, акаси бор...

Наим холасининг гапидан сўнг улар анча пул жамғарганини сезди. Бирдан кўнглига ғараз ният туғилиб, шу пулларнинг эгаси бўлмоқчи бўлди. Ҳатто у эшик очилиб, Дилбар кирганини ҳам сезмай қолди.

- Тоға, онам айтган бўлсалар керак. Бир қўллаб юборсангиз, сира яхшилигингизни унутмасдик, - деди Дилбар ҳам салом-аликдан сўнг дарров мақсадга кўчиб. – Яна хизмат хақингизни берамиз.

Бухоро шаҳрида танишим йўқ. Аммо туманимизда бор. Лекини борки, туманимизда яшайдиганларга берилади ўша намунали...

Наим атайлаб гапини узиб қўйди. Чунки улардан таклиф кутаётганди. Буни Дилбар илғадими ёки ўзи тахмин қилдими, ҳарқалай:

Бирор иложи бўлса керак, тоғажон, - дея таклифга монанд илмоқ ташлади.

Наимга шу керак эди. У аввалига туманда қурилаётган намунавий қишлоқ қурилиш уй-жойларидан банк орқали 15 йилга пулини тўлаш шарти билан янги ҳовлилар сотиб олиш имконияти борлигини айтди. Сўнг “Битта тоға еттита отанинг ўрнини босади”, деган мақол бежиз айтилмаганлигини қистириб ўтиб, ишнинг “ўғил бола”сига кўча қолди:

- Агар хоҳласангизлар уйни номимга расмийлаштириб олишим мумкин. Қурилиш ишлари битгач ва албатта, пулини тўлаганларингиздан сўнг, Дилбарнинг номига ўтказамиз. Бунга муаммо бўлмайди. Ҳаммаси қонуний ҳал бўлади.

- Нархи нечи пул туради? – Дилбарнинг чеҳраси очилиб, сўради.

Бир юзи ўттиз миллион сўм атрофида, - дея Наим уйнинг олиш тартибини тушунтира кетди. – Дастлаб, йигирма беш фоизини бирламчи тўлов сифатида банкка тўлаш шарт. Қолганини эса ўн беш йил давомида ҳар ойда банкка қисмларга бўлиб тўланади. Масалан, айни пайтда дастлабки тўлови ўттиз беш миллион сўмдан нари бери бўлади, - у она ва қизнинг берилиб эшитаётганидан фойдаланиб, ишончлироқ ва учраб турадиган “унумли” келишувни ўртага ташлади. – Бу каби уйларни ҳамма ҳам олавермайди. Бунинг эвазига баъзибир мансабдор шахсларга “шапка” бериш керак. Усиз иш битмайди.

Дилбар ажабланмади. У бундай бўлишини илгаридан биларди. Шу боис “шапка”нинг миқдорини сўради. Наим икки нафар мансабдор шахсга 3800 АҚШ доллар ва котибага 100 АҚШ доллар бермаса бўлмаслигини айтди.

Шундай қилиб, она ва қиз Наимнинг ҳийла тузоғига осонгина илинди.

2013 йилнинг март ойи охирларида Наим улардан 3900 АҚШ доллар миқдоридаги пулларини  қўлга киритди.

Шу ўринда яна бир илова келтирсак: Наим 2013 йилнинг январь ойида “Шехонча” маҳалласида қурилаётган намунавий уй-жойлардан олмоқчи бўлиб, туман ҳокимлигига ариза ёзган эди. Унинг аризаси қаноатлантирилиб, навбатга қўйилганди. Дилбар уй олмоқчи бўлганидан сўнг, у аризасини тезлатишга ҳаракат қилди.

Орадан бир ой ўтмасдан Наимга ҳокимиятдан хушхабар айтиб қолишди. У гўё қанот чиқариб, Саида холасиники томон учди.

Ариза қаноатлантирилди. Энди биз бошланғич тўловни тўлашимиз керак, - деди Наим холасига.

Эртаси куни улар Қишлоқ қурилиш банкининг Бухоро туман филиалида учрашишди. Келишилгандай банк кассасига 35 миллион сўм пулни Наим Расуловнинг номига расмийлаштирилаётган уй учун тўлашди. Бу қувончли кун эса Саида холаникига “ювилди”. Зиёфатда ҳам Наим уй масаласида гапириб, ҳаммаси яхши бўлишини қайта-қайта такрорлаб, жиянларини ишонтирди. Кўп ўтмай Дилдош ва Дилбар хориждаги ишларини давом эттириш мақсадида жўнаб кетишди.          

Сентябрь ойида Саида хола фарзандларига қўнғироқ орқали уй учун ҳар ойлик фоиз пули сифатида жами 15 миллион 650 минг сўмдан зиёдроқ пулни тўлашлари тўғрисида Наим банк хабарномасини келтирганини маълум қилди. Дилдош Фазила синглисининг турмуш ўртоғидан қарзга пул олиб туришларини айтди. Шу тариқа, банкнинг хабарномасидаги  пул фоиз сифатида тўланди.

2014 йилнинг апрель ойида Дилбар келганини эшитган Наим оёғини қўлига олиб, Саида холасиникига чопди. Улар билан у ердан, бу ердан пича гаплашиб, мақсадга кўчди:

- Дилбар, яна уйнинг тўлови учун 28 миллион сўм беришинг керак. Бу пулни тўламасанг туғаверади.

- Наим тоға, кам-кам ўн беш йил давомида тўлайсан, дегандингиз. Бу нимаси? – ҳайрон бўлиб сўради Дилбар.

- Кейинроқ суммалари камаяди.

Дилбар Наимдан шубҳаландими ёки қонуний йўл билан пул беришни хоҳладими, ҳарқалай онаси ва жияни олдида тоғасидан тилхат ёздириб олди.

Банкка ўзингиз бориб тўласангиз ҳам бўладими? – Дилбар катта сумма чиқим бўлганидан ҳалиям ўзига келолмаганлигини намойишкорона ошкор қилди.

Дилбарнинг бу иши Наим учун айни муддао эди. У жиянининг кўнглини хотиржам қилиб, секингина “қуён”нинг расмини чизди.

ЯНА  ПУЛМИ, ТОҒА!

Наимнинг гапидан сўнг Дилдошнинг хуноби ошди. Аммо ўзини зўрға қўлга олиб:

- Яна пул дейсизми, тоға?! Қаердан оламан? – деди.

- Жиян, уйнинг пулини қанчалик тез тўлаб тугатсак, уй ҳам Дилбарнинг номига тезроқ ўтади. Қолаверса, ҳар ойлик фоиз пулларини тўламасдинглар. Бу сенга ҳам, синглингга ҳам қулай, - дея Наим айёрона қараш қилди.

- Майли, сиз айтганчалик бўла қолсин. Лекин катта миқдорда пулим йўқ. Дилбар ҳам яқинда кетди.

- Дилдошжон, сени тушунаман, - деди Наим анчадан бери ўйлаб юрган режасини амалга оширишга киришиб. – Кўпинча хорижда бўласан. "Спарк"ни ҳеч ким ҳайдамайди. Шуни номимга ўтказиб бер. Мен уни сотиб, пулини банкка тўлайман. Сен ҳам овора бўлиб юрмайсан.

Ноилож қолган Дилдош тоғасининг таклифига рози бўлди:

- Тоға, "Спарк"имиз қанча кетади?

- Ўттиз олти миллионга сотса бўлади. Балким ундан сал кўпроғига ҳам...

- Яхши тоға. Уйдагилар билан маслаҳатлашиб кўрай. Қолганини эртага гаплашамиз.

- Отни қамчилаб босмайсанми, жиян! Бу сафар ишлаб, “Нексия” оласан. Маслаҳат-паслаҳатингни йиғиштир, - деди Наим ўзини хафа бўлгандай кўрсатиб.

Маъқул...

Шундай бўлса ҳам Дилдош онаси ва хотини билан маслаҳатлашди. Улар ҳам рози бўлишди. Айниқса, онасининг гапи ишни тезлатишга сабаб бўлди:

- Наим бир балони билмаса гапирмайди. Яна омадинг чопса, "Нексия"ли бўласан.

*/*

Дилдош Наимга қўнғироқ қилиб, нотариал идорасига бориш кунини режалаштирди. Бироқ тўсатдан Наим шамоллаб шифохонага тушиб қолгани ҳеч кимга шубҳа уйғотмади. У Дилдошнинг иккинчи қўнғироғига кулимсираб жавоб берди.

Бурга тепди, жиян! Шифокорлар ётиб даволанмасангиз бўлмайди, дейишаяпти. Шунинг учун машинани онамнинг номига расмийлаштира қолинглар. Мен онамга тушунтирганман, - дея Наим хасталигини ошкор қилиш мақсадида бир-икки йўталиб, “вой жоним”, деб ҳам қўйди. Унинг бу ҳолатини қўл телефонида эшитиб турган Дилдош ҳам: “Бечора тоғам, ёмон шамоллабди”, деб ўйлади ва унга тезроқ тузалишини тилади.

Шундай қилиб, Дилдош “Спарк” автомашинасини холаси – Чаманой опанинг номига расмийлаштириб берди. Наим эса синглисига олаётган уй учун банкка 36 миллион сўм тўламоқчи бўлди. Бу масала иккала томоннинг гувоҳлари ўртасида айтиб-эшитилди.

Дилдош хориждаги ишига қайтишдан олдин кўнглини хотиржам қилиш мақсадида банкка борди. Банк ходимларидан 2014 йил апрель ойидан кейин Наим Расуловнинг номига 28 миллион ва 36 миллион сўм тушган тушмаганлигини сўради. Банк ходимлари уни лол қолдирди. Чунки пуллар тушмаган экан. У дарров ўзини қўлга олиб, Наим билан учрашди. Тоғаси қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида, тутоқиб:

Сен нега банкка борасан? Сенинг ишинг бўлмасин, пулни тўлайман деб олганманми, демак тўлайман. Яна аниқроғи, ўн беш йил давомида тўлаб ёпаман, - дея ғудурланди.

Дилдош ҳам тоғасининг муомаласидан тутоқиб кетмоқчи бўлди. Бироқ шайтонга ҳай берди. У мулойимлик билан гапирди:

Ўзингиз тезроқ тўласанг, фоизи бўлмайди, дегандингиз. Бунақада фоизи кўпаяди.

Наим ошириб юборганини сезди. Ҳозир Дилдош билан муомала қилмаса, амалдаги режаси барбод бўлишини хаёлига келтириб, тишларини ғижирлатиб қўйди. Сўнг ўзини тинчлантириб, тўнини ўнгайтириб кийди:

- Жиян, холамдан олган 28 миллион сўмга Ромитан туманидан дўкон ва унга маҳсулот сотиб олдим. Савдо-сотиқ ишларим яхшиланиши билан пулларни банкка топшираман. Машинани эса бир-икки ой минай, кейин сотаман.

- Ичидан пишгансиз, тоға. Аммо фоизи кўпайиб кетса, ўзингиз тўлайсиз. Менга фарқи йўқ, - Дилдош гапнинг ўғил боласини айтди.

- Буёғидан хавотирланма. Ўша пулни 30 миллион сўм қилиб тўлайман. Фоизи ҳам кечикмайди. Кўнглингни тинч қилиб, сафарингга беховотир кетавер, - деди Наим ҳам ёлғонни ямламай ютиб.

*/*

Саида хола Бухоро туманидаги Шехонча аҳоли пунктида қизи учун қад ростлаётган коттежга келиб, усталарнинг ҳолидан хабар олиб кетарди. Иморатнинг таъмирлаш ишлари тугагач, Саида хола икки-уч кунлаб яшаб, сўнг шаҳардаги уйига қайтарди. Ана шундай кунларнинг бирида банк ходимлари келиб, уй учун пул тўланмаётганлигини, шу боис ҳам шартнома бандлари бузилаётганлигини айтиб, Наимни сўрашади.

- Наимни билмайман, ўргилайлар, - дейди онахон соддалигига бориб. – Ўзи қанча тўлаш керак?

Ўн миллион сўм банкка тўламасанглар шартномани бузамиз, - деди банк ходимлардан бири.

Саида хола банк ходимлари кетгач, дарҳол Дилдошга қўнғироқ қилди ва бўлган ҳолатни тушунтирди. Кўп ўтмай Дилдош сафардан келиб, банкка айтилган пулни тўлади.

Шундан сўнг, Дилдош Наим тоғаси билан учрашиб, уйни бутунлай Дилбарнинг номига расмийлаштириб беришини илтимос қилди. Наим эса бугун-эрта, деб буни орқага ташлаб юрди. Бу орада ака-сингил яна хорижга сафар қилишди.

Орадан бир йил ўтиб, сафардан қайтишгач, Дилдош яна Наим тоғасини йўқлаб, телефон қилди. Наим яна ваъдани қуюқ бериб, учрашишни пайсалга солиб юрди. Дилдошнинг кейинги қўнғироқларига эса умуман жавоб бермади. Аксинча, телефон рақамини ўчириб қўйди.

Дилдош ноилож Наимникига борди. Уйидан эса уни тополмади. Оиласидагилар ҳам кейинги пайтларда у келмаётганини айтиб, Наимнинг чилдирмасига ўйнашарди. Буни сезиб қолган ва янгасидан бир хил жавоб олган Дилдош охир-оқибат андишаликни орқага суриб, Бухоро туман ИИБга мурожаат қилди. Жиянларини алдаб, ишончига кириб, мўмайгина даромадга эга бўлган Наим Расулов дарҳол қўлга олинди.

Тергов ҳаракатлари давомида унинг асли нияти аён бўлди. Яъни  уй ҳақидаги чўпчаги билан жиянларни чув тушириб, номига бўлган коттеджнинг харажатларини бир қисми - 61 миллион сўмини тўлаттирди. Бундан ташқари, яна 28 миллион сўм пулни ва Дилдошнинг номидаги “Спарк” автоуловини 36 миллион сўмга ҳисоблаб, банкка топшираман, деб алдаб жиянларнинг ишончини суиистеъмол қилди. Бунда унга жиянларининг ўзбекона ишонувчанлиги, соддалиги қўл келди.

Ушбу воқеага хотима ясар эканмиз, назаримда фирибгарлар бировни эмас, балки ўзини ўзи алдаётгандек туюлади. Қолаверса, улар боши берк кўчага кириб, чиқишга йўл тополмаётган кишини эслатади. Наим Расулов ҳам худди шундай аҳволга тушди ва қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди.