Йил бошидан буён 2017 йил охирига қадар Nokia мобил қурилмалари лицензияларига эгалик қилувчи HMD Global бренд маркаси остида ҳеч бўлмаганда бир смартфон тақдим қилиши кутилаётган эди. Тахминларга кўра, бу Nokia 9 бўлиши керак эди, бироқ янги маълумотлар бунга шубҳа уйғотмоқда. Уларга кўра, янги флагман 16 август куни намойиш қилиниши кутилаётган Nokia 8 бўлади. Hi-Tech бу смартфон ҳақидаги барча маълумотларни тақдим этди. 

Nokia 8'нинг икки Carl Zeiss камераси 

Carl Zeiss — Германиянинг 1846 йилдан бери фаолият юритувчи оптик ускуналар ишлаб чиқарувчиси. Компания аввал бир неча йил давомида мобил камераларни ишлаш борасида Nokia билан ҳамкорлик қилган, шунингдек Microsoft Lumia смартфонлари оптикасини яратган. Бироқ Nokia бренди HMD Global тасарруфига ўтганидан кейин ҳамкорлик тугатилган эди. 

Мана энди, тарқалган маълумотларга кўра, Nokia яна Carl Zeiss оптикасига эга бўлади. Ишончли инсайдер Эван Бласснинг янги маълумотлари шундан далолат бермоқда. 

Қурилманинг орқа панелида 12 мегапикселли икки камера бўлиб, у Zeiss оптикаси билан "қуролланган", селфи камераси ҳам - 4K видео олишга қодир 12 мегапикселли сенсор. Ҳозирча бор-йўғи уч телефон шундай хусусиятга эга - булар HTC Butterfly 3, Essential phone ва iPhone 8.

Nokia 8 қурилмасининг камераси уч режимга эга: RGB, Dual-Camera ва Mono. Фойдаланувчилар сурат олишдан аввал қандай камерани ишлатишни танлаши мумкин: асосий камера, иккиламчи камера ва фронтал камера. Таъкидлаш жоизки, икки камерали 13 мегапикселли модуль икки датчикдан иборат: RGB ва монохроматик. 

Дизайн ва ранглари

Умуман олганда, Nokia 8 алюминий корпусли ва рангли ҳошияли анъанавий моноблокдек кўринади. Қурилма бурчакларига бироз айлана шакл берилган, камера модули эса корпусдан сезилар-сезилмас чиқиб туради. Тахминларга қараганда, смартфон ўлчамлари 151,55 х 73,7 мм, яъни Nokia 6 қурилмасидан бироз кичик бўлади.

Nokia 8 ҳошиясиз экранга эга бўлмаса-да, iPhone'нинг, шунингдек Android'ли смартфонларнинг  ажойиб муқобили бўлиши мумкин. Смартфон Nokia'га хос бўлган дизайнда ва бир неча хил рангда намойиш этилади, жумладан кўк, тилларанг ва кумушрангда ҳам.  

Тармоқда янги қурилманинг дастлаб кўк ва кумушрангдаги суратлари пайдо бўлди - суратлар машҳур блогерлар томонидан юкланди. Кейинроқ унинг тилларанг версияси сурати ҳам тарқалди. 

Ушбу суратда смартфоннинг ранги тилларангдан кўра кўпроқ мисрангга ўхшайди. 

Бундан ташқари, Nokia 8 икки SIM-картани қўллаб-қувватлаши маълум. Шунингдек баъзи инсайдерлар янги флагман IP68 бўйича сертификатланишини таъкидлашмоқда. Блокдан ечишда қўлланадиган бармоқ излари сканери Home тугмасига жойланган. 

Хусусиятлари

Экран: 5,25-дюймли, Quad HD, 1440 x 2560, 559 ppi;

Чипсет: саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 835 (4 ядро  2,45 ГГц частотали ва 4 ядро 1,9 ГГц частотали) + GPU Adreno 540;

Хотира: 4 ГБ / 6 ГБ ОЗУ, ички хотира - 64 / 128 ГБ;

Асосий камера: иккиламчи, 13 мегапикселли,  Carl Zeiss оптикали;

Смартфон Android 7.1 Nougat'да ишлаши кутилмоқда, лекин бренд мухлислари янги дастурий таъминот чиққанидан кейин компания Android O'ни тақдим этишига ишонч ҳосил қилишлари мумкин.

Муддатлар ва нархлар

Дастлаб фин ритейлерлардан тарқалган миш-мишлар Nokia 8 нархи 550 еврони ташкил қилишини маълум қилишганди. Бироқ янги маълумотларга кўра, Nokia 8 баҳоси 600 эмас, 500 еврога яқин бўлади. Тахминларга кўра, HMD ўз қурилмасини 16 август куни Лондонда тақдим этади.