Стратегик тадқиқотлар халқаро институти экспертлари ҳисоботи маълумотларига кўра, КХДР қитъалараро баллистик ракеталарининг муваффақиятли синовлари кучли ракета двигатели туфайли рўй берган, улар, афтидан, Украинанинг “Южмаш” заводидан олинган. Бу ҳақда The New York Times газетаси ёзмоқда.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин томонидан янги ракета двигателларини кўздан кечириш жараёни тасвирланган фотосуратларни ўрганиб чиққан институт мутахассисларининг фикрича, деталлар Советлар Иттифоқида ишлаб чиқарилган двигателларга жуда ўхшаш. Нашрнинг ёзишича, “терговчилар ва экспертлар бор эътиборини Днепрдаги ракета заводига қаратган”, у ерда “совуқ уруш” даврида “Советлар Иттифоқининг энг катта хатар уйғотувчи ракеталари, жумладан SS-18 модели”  ишлаб чиқарилган.

“Афтидан, бу двигателлар Украинадан етказиб берилган – эҳтимол, ноқонуний йўл билан. Гап уларда қанча деталлар борлиги ва украиналиклар уларга ҳозир ҳам ёрдам беришаётганини аниқлаш ҳақида бормоқда. Мен жуда ташвишдаман”, - дея таъкидлаб ўтди институт мутахассиси Майкл Эллеман.

Шунингдек, Эллеманнинг сўзларига кўра, “КХДР олти йил аввал Украина заводидан ракета двигателларини ишлаб чиқариш технологиясини ўғирлашга ҳаракат қилган”. БМТ ҳисоботидаги маълумотларга кўра, “Шимолий Кореянинг икки фуқароси ушланган, улар ўғирламоқчи бўлган маълумот эса энг илғор “ракета тизимлари, суюқли ракета двигателлари, космик аппаратлар ва ракета ёқилғи тизим”ларига алоқадор бўлган”. Шунинг учун экспертларнинг хулосасига кўра, “Пхеньян Украинадаги инқилобдан кейинги хаос шароитида буни қилишга яна уриниб кўрган”.

Шунингдек, нашрнинг ёзишича, “ўтган ойда “Южмаш” завод мажмуаси омон қолиш учун кураш олиб бораётгани ва ўз технологияларини хорижга, хусусан Хитойга сотаётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, компания “Украинадан ташқарида эҳтимолий хавфли технологияларни бериш”да иштирок этмаслигини маълум қилган”.

Аввалроқ Трамп КХДРга қарши ҳарбий чоралар қўллашга тайёрлигини билдирганди.