«Реал» клуби ўз ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг 5 ўйинга дисквалификация қилиниши юзасидан апелляция беради. Бу ҳақда AS хабар тарқатди.

Испания қироллиги футбол федерацияси (RFEF) мадридликлар жамоасининг Испания Суперкубоги учун «Барселона»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган учрашув вақтида бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеани туртиб юборгани учун Роналдуга жазо тайинлаганди.

RFEF футболчининг бу ҳаракатларини агрессив дея баҳолаб, уни қизил карточка учун 1 ўйинга, ҳакамни туртгани учун 4 ўйинга дисквалификация қилганди.

Агар бу жазо ўз кучида қолдирилса, Роналду «Барселона»га қарши Суперкубок жавоб ўйинини, шунингдек Испания чемпионати стартидаги «Депортиво», «Валенсия», «Леванте» ва «Реал Сосьедад» жамоаларига қарши баҳсларни ўтказиб юборади.