АҚШ Республикачилар партияси вакиллари президент Дональд Трампнинг Шарлотсвилл шаҳридаги тўқнашувлар юзасидан билдирган сўзларини танқид қилишди, деб ёзмоқда Politico нашри.

«Барчамиз бирдам бўлишимиз ва нафрат ортида турган барча нарсани қоралашимиз лозим. Америкада бундай зўравонликка жой йўқ», - дея ёзган Трамп ҳодисадан сўнг твиттерда.

Нашрнинг таъкидлашича, у зўравонликни намойишнинг «кўплаб вакиллари томонидан» қоралаган, шу билан бирга, ультра ўнгларни алоҳида ажратмаган. Бу эса нафақат демократлар, балки республикачиларнинг ҳам танқидига сабаб бўлди.

«Жаноб президент, биз ёвузликни ўз номи билан аташимиз керак. Бу оқ ирқчилар эди, ҳамда бу ички терроризм ҳолатига айланди», - дея маълум қилган сенатор Кори Гарднер ўз твиттерида.

Сенатор Марко Рубио Шарлотсвиллдаги ҳодисаларни «оқ ирқнинг устунлиги» тарафдорлари томонидан амалга оширилган «теракт» деб атади.

«Биз ёвузликни ўз номи билан аташимиз керак», - дея таъкидлаб ўтди Юта штатидан сенатор Оррин Хэтч.

Нашрнинг таъкидлашича, Трамп ва республикачилар орасидаги ажралиш Оқ уйнинг қатор сиёсий масалалар бўйича ишини мураккаблаштириши мумкин.

Аввалроқ Шарлотсвилл мэри шаҳардаги тартибсизликларда Трампни айблаганди.