«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Испания Суперкубоги 1-учрашувида «Барселона» дарвозасига киритган голини нишонлашда каталонияликлар ҳужумчиси Лионель Месси ҳаракатини такрорлади. «Камп Ноу»да ўтган учрашув «қаймоқранглилар»нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 

2-бўлимда захирадан ўйингга тушган Роналду 80-дақиқада «Реал»нинг иккинчи голини урди ва футболкасини ечиб, орқа томонидаги фамилиясини стадиондаги мухлисларга кўрсатди. Месси Испаниянинг якунланган чемпионатининг 33-турида «Сантьяго Бернабеу»да «Реал»га урган голини шундай нишонлаганди.

Таъкидлаш жоизки, Роналду футболкасини ечгани учун биринчи сариқ карточкани «ишлаб олган», 2 дақиқа ўтиб эса симуляция учун яна битта сариқ карточка олиб, майдондан чиқариб юборилган. Энди футболчи Суперкубокнинг «Сантьяго Бернабеу»да 16 август куни ўтадиган жавоб учрашувида майдонга тушмайди.