«Китоб дунёси» газетаси сайтида таниқли адабиётшунос, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг президентимизга мактуби эълон қилинди.

Ш.Ризаев санъат ва адабиёт соҳасидаги бир талай муаммолар ва таклифлар, ечимлар билан бир қаторда мактубининг энг сўнгида рус графикасига асосидаги алифбони қайтадан жорий этиш ва уни ўзбек тилининг бош алифбоси этиб белгилаш ҳақида таклиф билдирган.

Адабиётшунос олимнинг ушбу таклифи ижтимоий тармоқларда жуда катта резонанс келтириб чиқарди. Албатта, унинг таклифини қўллаб-қувватловчи кам сонли одамлар ҳам топилди. Лекин аксарият фикри тиниқ кишилар, ўзбек тили лотин алифбосида қолиши кераклиги, қайтага уни бироз такомиллаштириб, замонга мослаб тўлиқ жорий этиш ҳақида кескин фикрлар билдирила бошланди.

Ҳаттоки, рус графикасига қайтилиши мумкинлигидан ташвишланган, лотин имлосини ёқловчи ижтимоий тармоқдаги ўзбеклар орасида кириллча ҳарфлардан умуман фойдаланмаслик, фақат лотинча имлода ёзишга чорловчи ташвиқотлар бошланди. Ижтимоий тармоқларда фақат лотинча имлодан фойдаланишга аҳд қилганлар кўпайди.

Хорижий давлатларда туғилган ўзбеклар дунё бўйлаб сочилган 50 миллионга яқин миллатдошларимиз айнан лотин имлоси воситасида баҳамжиҳат мулоқот қила бошлашганини таъкидлаб, рус графикасини Ўзбекистонда қайтадан расмий ёзув қилиш истагида бўлганларга рад жавобини бериб, ўзбекистонликлар ва бутун дунё ўзбекларига қулай бўлган Ўзбек лотин алифбосини янада мукаммалроқ қилиб жорий этишни Президент Шавкат Мирзиёевдан илтимос қилиб сўраб, очиқ хат жўнатишди.

Ўзбекистонда туғилмаган ўзбекларнинг Президентга мактуби чоп этилди

Дарҳақиқат муаммо кичик эмас. Аввало, «кириллча имло», дея муаммони хаспўшламаслик керак. Ўзбекистон ССРнинг 1940 йилда қабул қилинган қонуни «Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алифбедан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алифбесига кўчириш тўғрисида»ги деб аталади. Яъни, алифбомиз айнан руслаштирилган. Бинобарин, ортга қайтиш — руслаштириш дегани, буни бир зум ҳам унутмаслик лозим.

«Оммалашмаётган алифбодан оммавий ахборот воситалари ҳам, нашриётлар ҳам ниҳоятда кам фойдаланяпти» дейди Ш.Ризаев ўз мактубида. Ҳа, айнан босма оммавий ахборот воситаларининг янги имло тўлиқ жорий бўлишида ҳиссаси катта бўлиши керак эди! Эди!

Озарбойжон ва Туркманистон лотинча имлога 1 йил ичида ўтиб кетгани, рус графикасига асосланган имлодан мутлақо фойдаланмаётганини қандай тушунтириш мумкин? Чунки ҳамма ёппа ишга киришган. Босма нашрлар — газета-журналлар ҳам бу ишга лаббай деб бош қўшишган. Энди ён қўшнимиз Қозоғистон ҳам лотинча имлога ўтамиз, деб турганида кириллчага қайтишга даъват қилиш уятдан бошқа нарса эмас.

Лотин алифбоси 1993 йилдан буён жорий этилган. Орадан 24 йил ўтаяпти. Шу даврда республикамизда 10 мингга яқин мактабларда 100 минглаб ўқитувчилар дарсни лотин имлосида ўтишмоқда, конспектлар ва тарқатма материалларни лотинчада ёзишмоқда. Нега ўқитувчиларнинг бош газетаси — «Маърифат» ҳамон кириллча алифбода чоп этилмоқда?

Ёки яқинда Ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Саводи лотинча имлода чиққан ёшларнинг олди 30га кириб қўйган. Уларнинг «Туркистон» газетасининг номи «Ёшлар овози» дея номи ўзгартирилиб, чоп этилмоқда. Лекин рус графикасига асосланган имлода! Қани, оғизда тоғни талқон қиладиган, «қонунларга итоатгўй», қони қайноқ ёшларимиз?!

Партиялар-чи?! Майли, ХДПни собиқ коммунистик партиянинг вориси — улар русча графикадан манфаатдор, дейлик, унда нега «Миллий тикланиш» партияси бу борада оғзига талқон солиб олган?! Нега бошлаб беришмайди? Лотинча имлони 24 йил ичида ўрганиш шу қадар қийинмиди ҳаммага?! 29тагина ҳарфни? Бу ҳол бошқа мақсадлар билан эмас, фақатгина лоқайдлик, беҳафсалалик қонунларга беписандлик туфайлигина юз берган, деб ишонгим келади...

Ҳозир сайтимиздан ушбу мақолани кириллча имлода ўқий туриб, «Ўзлари-чи?» деб оғзимга уришга шошилманг. Интернет-нашрларнинг деярли барчаси хабар ва материалларни ҳар икки имлода баб-баравар беришади. Жумладан, KUN.UZ ҳам.

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг (парламентнинг!) 1993 йилдаги қарорига кўра, 2010 йил 1 сентябрдан биз расман лотин имлосига ўтиб бўлганмиз.

Эсида йўқларга, билмаганларга унинг айрим бандларидан иқтибос келтираман:

1. «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.

2. Янги алифбога босқичма-босқич ўтилиб, бу иш 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ тугаллансин. (ЎзР 30.04. 2004 й. 621-II-сон Қарори таҳриридаги банд)

10. Янги алифбога тўлиқ (!) ўтилган пайтдан, яъни 2010 йилнинг 1 сентябридан эътиборан 1940 йил 8 майда қабул қилинган «Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алифбедан рус графикаси (!!) асосидаги янги ўзбек алифбесига кўчириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон ССР Олий Советинннг Ведомостлари, 1940 йил, 4-сон) Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ўз кучини йўқотган (!!!) деб ҳисоблансин. (ЎзР 30.04. 2004 й. 621-II-сон Қарори таҳриридаги банд)

Мактабларда 24 йилдан бери лотинча имлода ўқитилмоқда. Ёшларимизнинг саводи шунда чиқди. Жуда кўп соҳаларга лотинча имло сингиб кетиб бўлди. Майли, айрим давлат корхоналарида ҳужжатлар русча тўлдирилаётгандир, у бошқа масала. Лекин бланкалар ва ҳужжатларнинг жуда кўпчилиги лотинча имлога ўгириб бўлинган.

Ушбу қонунга жуда кўп жойларда риоя қилинмоқда. Шаҳарларимизда автобуслар кўрсаткичлари, кўчаларимиздаги дўкон ва идоралар пештоқларидаги ёзувлар, 2010 йилдан сўнг чиқарилган 5 минг сўмлик, 10 минг сўмлик, 22 августдан муомалага киритиладиган 50 минг сўмлик пуллар лотинча имлода. Янги имлода жуда кўп китоблар ҳам босмадан чиқди.

Фақат босма оммавий ахборот воситаларимиз — газета ва журналларгина рус графикасига асосланган имлодан фойдаланиб келишмоқда.

Хорижий тажрибаларга мурожаат қилайлик. Мустафо Камол Отатурк Туркияни араб имлосидан лотин имлосига ўтказишни қай тарзда амалга оширган? Журналист Бахтиёр Шоҳназаров шундай ёзади:

«Мустафо Отатурк 1929 йили Туркияда лотин алифбосини амалга киритган. Шундан кейин атрофидагилар янги алифбога қандай муносабатда бўлаётганликларини кузатган. Қараса — газеталар ҳеч нарса бўлмагандек араб алифбосида босилаётган, давлат ходимлари эса араб ёзувида иш юритишаётган эмиш.

Шунда Отатурк «сих ҳам куймасин, кабоб ҳам» деб, газеталарнинг бир бетини лотин алифбосида, иккинчи бетини эса араб алифбосида нашр қилишни буюрибди.

Кейин нима бўлибди денг! Одамлар газеталарнинг фақат араб алифбосида ёзилган бетларини ўқишаётганмиш, лотин ёзувидаги мақолаларга қараб ҳам қўймаётганмиш. Шунда Отатурк барча газета ва журналларни мажбурий ўлароқ лотин ёзувида нашр қилишга буйруқ берибди.

Бошида одамлар янги алифбога ўрганолмай анча қийналишибди. Лекин, орадан олти ой ўтгач, ҳамма лотин ёзувида бемалол ўқиб-ёзадиган бўлибди. Айниқса давлат ходимлари «саводсизлиги» туфайли янги алифбода иш юритолмай, ишсиз қолишни исташмабди-да!

Ўзбекистонда 28 йилдан бери давлат тили тўғрисидаги, 24 йилдан бери лотин ёзувига ўтиш тўғрисидаги қонунларни амалга татбиқ қилиш ишлари ўлда-жўлда бўлиб ётган, бу ҳам етмагандек «кирилл алифбосига қайтиш керак» деган хиёнаткорона баёнотлар билдирилаётган бир пайтда Туркиядалигимда Отатурк ҳақида эшитган юқоридаги мисол эсимга тушди.

Мен доим лотин ёзувини тарғиб қилган ва тезроқ тўлиқ ўтиш тарафдори бўлганман. Алифбога ўқувчиларни ўргатиш мақсадида 2003 йили «Моҳият» газетасида битта катта ҳуқуқий мавзудаги мақоламда бир гапни кирилл ёзувида, кейингисини эса лотин алифбосида эълон қилдирганман. Шу тариқа, мақоланинг ярми кириллда, қолган ярми эса лотин ёзувида берилган».

Кимдир эътироз билдириши мумкинки: кириллчадан лотинчага ўтилса, одамлар газета ва журналлар ўқимай қўяди, деб. Ўқийди! Жилла қурса, ҳозирги ўқиётган даражасидан кам ўқимайди.

Фақат, рус графикасига асосланган алифбодан тўлиқ воз кечиб, лотин алифбосига узил-кесил ўтиш учун уни бироз такомиллаштириш керак. Менинг наздимда, кичикроқ ислоҳот ўтказиш, «Ц» товушини ҳарфини ифодалаш учун «С», «с» ни жорий этиш, «журнал» ва «жон» сўзларидаги «Ж»ни фарқлаш,  «Ч» (Ch, ch), «Ғ» (G‘, g‘), «Ў» (O‘, o‘), «Ш» (Sh, sh), «Нг» (ng) каби ҳарфлар ва бирикмалар ўрнига ҳозиргисидан фарқли ўлароқ, бир ҳарф учун битта символ ишлатилиши керак.

Иложи бўлса, янгилик яратмасдан лотин графикасининг Windows тизими клавиатурасидаги ҳарфлар орасида мавжуд, туркий тилли қардошларимиз — турклар, озарбойжонлар ва туркманлар ҳам ишлатадиган символларга мурожаат қилишимиз керак (Ёдингизда бўлса 1993 йилги дастлабки вариант шунга ўхшаш эди):

Ц — С с  

Ч — Ç ç

Ғ — Ğ ğ

Ў — Õ õ

Ш — Ş ş

Нг — Ñ ñ

Ж (журнал) — Ɉ ɉ

Алифбо такомиллаштирилиб, янгиси расман қабул қилиниб, барча ёппасига ўша имлога ўтиш учун киришса, 1–2 йил тўлиқ ўтиб кетишимиз учун етарли бўлади. Бу борада айнан маънавият тарғиботчилигини, давлат ташвиқотчилигини даъво қилувчи босма нашрларимиз енг шимариб ишга киришиб, сафнинг энг олдинги қаторида бўлиши талаб этилади.

Жамиятимизнинг барча жабҳаларида ислоҳотлар рўй бераётган ҳозирги кунларда

«Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 августдаги ПФ-5148-сон фармонига кўра, матбуот ва ахборот агентлигига «хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилиш, нашриётларга китоб маҳсулотларининг халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида кўмаклашиш» вазифаси ҳам юклатилган. Бу ишларни рус графикаси асосидаги алифбода амалга ошириб бўлмайди, аниқ!

Президентнинг Янги фармонига кўра, энди Матбуот ва ахборот агентлиги бу соҳада ҳам бошқарувни тўлиқ ўз қўлига олиш керак.

1). «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига амал қилинишини талаб қилиш мақсадида Босма нашрларга 1 йил ичида (4-чоракдан, 1 октябрь — ўқитувчилар кунидан бошлаб) тўлиқ лотин имлосига ўтиш талаби қўйилиши керак: ҳар чоракда нашрнинг чорак қисми босқичма-босқич лотинча имлога ўтказилиб борилиши шарти билан.

2). «Маърифат» ва «Ёшлар овози» газетасининг кейинги сониёқ тўлиқ лотинча имлода чиқиши шарт!

3). Интернет сайтларга эса кириллча имлода хабарлар беришни тақиқлаш керак.

Ўз ҳолига ташлаб қўйиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигига 24 йилдан билан гувоҳ бўлаяпмиз. Кескинроқ чоралар кўриш фурсати етган.

Хуллас, мана шу гапларни ҳам кимдир чиқиб очиқ, баралла айтиши керак эди. Ш.Ризаев наздимда ўта катта хатарни миллатимиз бошига бошлаб келмоқчи бўлганини кўриб, чидай олмадим. Узр!

Сўзим интиҳосида Фейсбук тармоғидан бир иқтибос келтираман:

«Бир миллатнинг тақдирига оид масалани бир кишининг фикри, таклифи билан эмас, мингнинг машварати билан ҳал этмоқ шартдир. Айниқса, тил масаласида тилини тийиб, халқига қулоқ солган олим — олимдир. Иши миллатига заррача зарар келтиришини била-била кимгадир ёқиш учун одим отса, у ҳолда бу олим золимнинг жаллодига баробар».

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ журналисти.