Тўлқин ўртоғи Азизбек билан келишиб, шерикчилик асосида объектларни қайта таъмирловчи масъулияти чекланган жамияти ташкил этди. Азизбекни мазкур жамиятнинг директори вазифасига расмийлаштирди. Амалда эса фаолиятни унинг ўзи бошқарадиган бўлди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Аста-секин ишлар юриша бошлади. Аммо вақт ўтгани сайин улар келаётган даромадга қаноат қилмай қолишди. Қинғир йўл билан кўпроқ пул топишга, бойлик орттиришга уринишди. Шу мақсадда ўзлари яшаётган ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларидан бирига йўл олишди. Коллеж раҳбарияти уларни очиқ чеҳра билан қарши олди. Муассаса раҳбариятига икки ўртоқнинг таклифи мойдек ёқиб тушди шекилли, ҳеч бири “Барака топгур, бу иш қонунга хилоф, ундай қилмайлик”, демади. Аксинча, меҳмонларнинг режасини қўллаб-қувватлашди.

Хуллас, ишга киришдилар. Аммо коллеж учун керакли хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар, асбоб-ускуналар, мебель, қурилиш моллари ва бошқа жиҳозлар харид қилиш бўйича ишловчи танлов (тендер) комиссияси ташкил этилмади.

Коллежнинг устахона биноси том қисмида 120 млн. 4 минг сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиши юзасидан танлов эълон қилингани, унда учта қурилиш корхонаси иштирок этиб, икки уддабурон фирмасининг ғолиб чиққанлиги расмийлаштирилди.

Сўнгра МЧЖ ва коллеж ўртасида таъмирлаш ишларини амалга ошириш юзасидан икки томонлама пудрат шартномаси имзоланди. Ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритилиб, аслида бажарилмаган 45 млн. 395 минг сўмлик таъмирлаш ишлари қўшиб ёзилди. Шу йўл билан ўзлаштирилган пуллар келишилган тарзда бўлиб олинди. 

Иштаҳа овқат пайтида келади, деганларидек, ҳали нафси тўймаган шоввозлар ёғли қўлларини дарров артишга шошилишмади. Тўртта қоғозни қоралаш ортидан шунча пул олиш ёмонми? Кўп ўтмай коллежнинг спорт зали ва фаоллар зали том қисми ҳам “таъмирланди”. Яна икки томонлама шартнома тузилди. Объектда 122 млн. 811 минг сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилгани тўғрисидаги ҳужжатларга сохта маълумотлар киритишди. Унга кўра, бажарилмаган 54 млн. 865 минг сўмлик таъмирлаш ишлари қўшиб ёзилиб, бу маблағни ҳам чўнтакларига уришди.

Вақти келиб уларнинг сири фош бўлди ва тергов-суриштирув ишлари бошланди. “Уддабуронлар” қонун олдида жавоб беришди. Етказилган зарарларни ҳам тўлиқ қоплашди.