Ўзбекистон Республикаси Экология қўмитаси раисининг Тошкент шаҳрида дарахт ва буталарни кесишга рухсат беришни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш мақсадида 2017 йилнинг 7 августидаги 126-сонли буйруғи чоп этилди. Давлат экология қўмитасининг матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Ҳужжатда бундан буён Тошкент шаҳрида дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш минтақавий инспекцияси томонидан расмийлаштирилиши айтилган. Хулоса бериш назорати эса Давлат экология қўмитасининг махсус ишчи гуруҳи томонидан олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари раҳбарлик қиладиган Ишчи гуруҳ таркибига Биоинспекция ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими ҳамда Экология қўмитаси ОАВ ходимлари киради. 

Туман ҳокимликлари ёки "Бир ойна" марказлари бўйича қабул қилинган дарахт кесиш аризалари бир кун ичида Минтақавий инспекцияга йўналтирилади. Инспекция воқеа жойига бориб дарахтларнинг аҳволини ўрганади ва шу асосда ўрганиш ҳужжатлари, схемалар, фотоматериалларни тайёрлаб, хулоса беради - барча ҳужжатлар беш ишчи куни давомида Ишчи гуруҳга тасдиқ учун тақдим этади. 

Ишчи гуруҳ томонидан яхшилаб кўриб чиқилган хулосалар протокол қарори билан тасдиқланади. Тайёрланган хулосалар асоссиз деб топилган тақдирда, улар бекор қилинади ёки янги қўшимча текширув учун Минтақавий инспекцияга қайтарилади. 

Тасдиқланган хулосалар бир кун ичида Тошкент шаҳридаги Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармасига жўнатилади. 

Воситалар Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва чиқиндиларни назорат қилиш фондига келиб тушганидан сўнг Тошкент шаҳридаги дарахтларни кесишга доир хулосалар бир кун ичида туман ҳокимликларига йўлланади. 

Бир вақтнинг ўзида Минтақавий инспекция томонидан дарахтларни кесишга берилган рухсатномаларга доир реестр тузилади, унда дарахт ё бута кесиш амалга ошириладиган манзил, муддат, дарахтлар ва буталар сони аниқ кўрсатилади.

Мазкур реестр Давлат экология қўмитаси расмий веб-сайти (uznature.uz)га жойлаштирилиб, ҳар ҳафтада янгиланиб туради.