«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду Испания Суперкубогининг «Барселона»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган биринчи ўйинида ҳакамни туртиб юборди.

Ўйиннинг бош ҳаками Рикардо Де Бургос Бенгоэчеа буни ўйин протоколида қайд этган. Унда Роналду қизил карточка олгач, ҳакамни туртгани ёзилган. Испания футбол федерацияси қоидаларига кўра, бундай ҳолатларда ўйинчи 4 тадан 12 тагача ўйинга четлаштирилиши мумкин. 

Бу дисквалификация биринчи навбатда чемпионат ўйинларига жорий қилинади. Шу билан Роналду «Барселона»га қарши Суперкубокнинг жавоб ўйинидан ташқари, «Реал»нинг чемпионатдаги «Депортиво», «Валенсия», «Леванте» ва «Реал Сосьедад» жамоаларига қарши ўйинларини ҳам ўтказиб юбориши мумкин.