Халқ эртакларининг бирида чол уч ўғлига фойдасиз нарса топиб келишни буюради. Катта ўғил ерда ётган бир чўпни, ўртанчаси битта суякни топиб келади. Кенжатой ўғил эса ҳеч нарсасиз қуруқ қайтиб келади. Отаси кенжа ўғилдан бунинг сабабини сўраганида, у ҳеч ердан фойдаси тегмайдиган бирор нарсани учратмаганини айтади. Ўша замонда чўпдан тиш тозалагич, суякдан эса игна тайёрланар экан.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ҳикоя қилган нукуслик Рашид Қартбоев ҳам шу каби йўқдан бор қилиб, кераги йўқ, деб чиқиндига ташлаб юборилган нарсалардан маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркордир.

– Жаҳонгашта немис сайёҳи 1997 йили велосипедда Нукусга келиб, бу ер жуда ифлос эканини таъкидлаганида, менда бир фикр уйғонган эди, - дейди Рашид Қартбоев. - Ўша пайтлари Нукус чиндан ҳам жуда ифлос шаҳар эди. Унинг тозалигини сақлаш мақсадида 4-5 йигит бирлашиб, «Тозалик маркази» номли нодавлат нотижорат ташкилот туздик. Дастлаб, шаҳардаги 21, 22, 23-кичик туманларнинг ҳудудини тозаладик. Бир кун шаҳар ташқарисидаги ахлат ташланадиган жойга борсам, чиқинди тоғ бўлиб ётибди. Унга қараб ўйланиб қолдим. Бу чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқариш ғояси миямга келди.

Бу айтишга осон-у, лекин амалга ошириш жуда қийин бўлган иш. Кўп изланиб, суриштириб, ўрганиб, уч йил деганда, чиқиндига ташланган баклажка, целлофан пакет сингари нарсалардан полиэтилен қувур ишлаб чиқарувчи ускуна яратдим. «Мустанаб-Ҳилол» масъулияти чекланган жамиятимиз 2001 йили илк маҳсулотини бера бошлади. Дастлаб ўзим яшаган кичик туман ҳудудидаги 250 та уйнинг қувурларини ўзгартирдим. Уларнинг ҳар бирига диаметри 25 миллиметр бўлган 40 тадан қувур совға сифатида бердим. Ўша пайтда бозорда қувурнинг баҳоси 10 000 сўм бўлса, мен уни 3000 сўмдан сотдим.

Суҳбат чоғида у кўпқаватли уйларнинг ертўлаларига қандай қилиб тушиб тозалагани, касаллик тарқатувчи чивин ва ҳашоратларга қарши қандай курашгани, аҳоли орасида тозаликни сақлаш борасида тарғибот ишларини олиб боргани тўғрисида гапириб берди.

– Бир куни, - дейди у, – қувурларни кўриш учун кўпқаватли уй ертўласига тушдим. Кун совуқ эди, ертўлада яхлаган чиқинди сув устидан ўтаётганимда муз ёрилиб, тушиб кетдим. Роса, булғаниб қолдим. Ювинай десам, бу ҳолда ҳеч кимса уйига киритмайди. Кўчага чиқиб, такси тўхтатсам, “ахлат одам”ни миндирмайди. Ноилож, узоқ йўл юриб, ишхонамга яёв келишга мажбур бўлганман.

Шунча машаққатлар билан иш бошлаган бу тадбиркор йигит бошқараётган  корхона бугун фақат қувур эмас, бошқа бир қатор маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқармоқда. Унинг яна бир янгилиги – қувур ишлаб чиқаришдан чиққан чиқиндини ҳам ташламасдан, ундан полимер шифр, брусчатка ишлаб чиқара бошлаганлиги бўлди.

Яқинда у ахлатхоналарга ташланган эски кийим-кечак, матолардан девор учун суюқ гулқоғоз, суяклардан суяк уни ишлаб чиқара бошлади.

– Бугунги кунда корхонамизда 47 одам ишлайди. Бундан ташқари ҳар  бир ахлат ташланадиган жойдан, кўчалардан чиқинди олиб келувчи одамлар ҳам бор. Корхонамиз йилига 365 тоннага яқин пакет, пластмасса чиқиндиларини  қайта ишлайди.

Корхона ишга тушган 2001 йилда 80 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, 2014 йили 410,3 миллион, 2015 йили  695,8 миллион, 2016 йили 761,6 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Жорий йилнинг 6 ойида эса, ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 713 миллион сўмдан ошиб кетди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич бир миллиард сўмдан ошади, деган умиддамиз.

Рашид Қартбоев 1997 йилда Нукус давлат педагогика институтини биолог мутахассислиги бўйича тамомлаган. Унинг корхонаси Нукус шаҳрининг бир чеккасида жойлашган. Қум устида қовун, пахта, ошқовоқ сингари экинларни ўстириб қўйибди. Ишлаб чиқараётган суяк унидан омухта ем тайёрлаб, 300 жўжа парваришламоқда.

- Бунинг ҳаммасини мен болаларим ўргансин, деган мақсадда қилаяпман, - дейди у. - Илгари емларнинг рационида суяк уни кўп бўлар эди. Унинг таркибида илик мойи, калций ва бошқа фойдали элементлар кўп бўлади. Шу сабабли уй ҳайвонлари учун жудаям фойдали. Ҳозирги вақтда ҳокимиятларга, тегишли идораларга чиқиб, ўзим сақлаётган жўжаларни кўрсатиб, унинг фойдали томонларини ташвиқот қилаяпман.

Рашид жорий йилнинг охиригача яна бир янгилик тадбиқ қилмоқчилигини айтиб, ҳали амалга ошмаганлиги учун бу ҳақда гапирмасликни лозим топди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бу мамлакатда чиқиндидан маҳсулот ишлаб чиқараётган ягона корхонадир.

Бу янгиликнинг ўзига хослиги шундаки, у шаҳарнинг тозалигини сақлаш, чиқиндига чиқарилган ҳар қандай нарсанинг фойдали томонини аниқлаб, сифатли ва керакли маҳсулот таёрлашда, минтақада экологик вазиятни барқарорлаштиришда катта аҳамиятга эга.