Жакартадаги автосалон - минивенлар намойиши учун айни муддао. Кроссоверларга бўлган қизиқиш Индонезияни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Жакартадаги автосалонда (GIIAS) 40дан зиёд янги машина намойиш этилди. Мотор-шоу иштирокчилари орасида - нуфузли премиум русумлар ҳам бор: Mercedes-Benz, Audi, BMW, Lexus ва Volvo. Индонезия – Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг энг йирик автомобиль бозори. Жакарта дунёнинг энг тирбанд шаҳарлари рейтинги - TomTom'да учинчи ўринни эгаллайди. Шу билан бирга Индонезия бозорининг ўзига хос томонлари ҳам бор - бу ерда минивэнлар ва европача нуқтаи назардан қараганда ғаройиб дизайнларни яхши кўришади. GIIAS'нинг асосий тақдимотлари - Autonews фотожамланмасида. 

Toyota Voxy

Toyota Индонезия бозорининг учдан бир қисмини эгаллаган, унинг Avanza'си эса бу ердаги энг машҳур автомобиль. Компания Жакартага нисбатан йирик сегментда "ўйнайдиган" яна бир минивэнни келтирди — Voxy. Етти ўринли янги минивэн узунлиги - 4710, ғилдирак базаси эса - 2850 миллиметр. Капот остида икки литрли мотор ўрнатилган. Toyota бу автомобилда ёрқин авангард дизайнга урғу берган, Voxy'дан аввалги NAV1 минивэнининг кўриниши у қадар кўзга ташланмас эди. 

Toyota Sienta Ezzy

Индонезиялик харидорларнинг диди бошқа мамлакат харидорлариникидан анча фарқ қилади - бунинг учун Toyota Sienta'га боқишнинг ўзи кифоя қилади. Toyota Astra Motor (TAM) маҳаллий дистрибьюторнинг дизайнерлик бўлими бу моделнинг дизайнига янада ноодатийлик билан ёндашди. Бамперларга том рангида ишлов берилган, машинанинг пастки қисмидан кумушранг ҳошия ўтказилган, радиаторлар майда тўр билан ёпилиб, устидан тим қора тўсиқ билан ёпилган. Икки рангли Toyota Sienta Ezzy Жакартада TAM дизайнерлари имкониятларини намойиш этувчи концепт сифатида тақдим этилди. 

Mitsubishi Xpander

Кроссоверлар қатор мамлакатлар каби Индонезияда ҳам урф бўлмоқда. Янги ихчам Mitsubishi Xpander агрессив кўринишга эга. Унинг интерьери анъанавий бўлиб, етти кишини сиғдира олади. Капот остида 5 босқичли "механика" ёки 4 босқичли "автомат" билан уйғунлашган 1,5 литрли атмосферник яширин. 

Wuling Confero S

Индонезия автомобиль бозори хитойликларни ҳам қизиқтиради - GIIAS'да маҳаллий йиғмали Wuling Confero S минивэни намойиш қилинган. У япон рақибларидан фарқли ўлароқ, анча "одми" кўриниш олган. Унинг клиренси катта эмас, лекин кузовнинг пастки қисми пластик тўсиқ билан ҳимояланган. 4530 миллиметрли автомобиль 8 кишини сиғдира олади. 1,5 литрли двигатель 5 босқичли механик трансмиссия билан жиҳозланган. Wuling Confero S рақибларидан арзонроқ - унинг нархи 128,8 миллион индонезия рупийсидан бошланади. Таққослаш учун, нисбатан ихчам Toyota Avanza камида 190,2 миллион рупийга тушади. 

Daihatsu DN Multisix

Toyota'нинг Daihatsu маркаси - Жануби-шарқий Осиёда жиддий "ўйинчи", Индонезияда эса у машҳурлиги бўйича учинчи ўринда. Рулнинг ўрнига штурвал ўрнатилган автомобиль футуристик интерьерига қарамай, унинг конвейрга чиқишига шубҳа йўқ. Машина 6 кишини сиғдира олади. 

Daihatsu DN F-Sedan

Daihatsu'дан яна бир янгилик — ёрқин дизайнли DN F-Sedan. Машина дизайни Tesla Model 3 услубида ишланган. Концептнинг ўлчовлари: 4200х1695х1430 миллиметр. Ғилдирак базаси — 2510 миллиметр, капот остида эса - 1,2 литр ҳажмли двигатель. Тез орада серияли моделнинг эгизаги пайдо бўлади - янги авлод Toyota Vios'и. Бу Toyota ва Daihatsu'нинг ҳамкорлик дастури доирасида яратилган илк автомобиллар бўлади.  Икки компания ривожланаётган бозорлар учун ихчам моделлар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни йўлга қўйган.  

Datsun Go Live

Datsun компанияси, ўз навбатида, GIIAS 2017 учун Go хэтчбекини тақдим этди. Ёшларга йўналтирилган Go Live концепти кенг спорт бамперлари билан таъминланган. Радиатор панжарасининг ўлчамлари катталашди, фаралар светодиод бўлди, юкхонаси эса спойлер билан безалди. Деталларнинг маълум қисми ёрқин яшил рангга бўялди. Техник хусусиятлари ҳақида маълумотлар йўқ, бироқ Go хэтчбеки 68-кучли бензин моторига эгалиги маълум. 

Renault Kwid Extreme

Renault Kwid ҳамёнбоп бўлишига қарамай, ҳозирча унинг сотув кўрсаткичлари жуда паст. Буни қисман машинанинг етишмаслиги билан ҳам изоҳлаш мумкин: Kwid Ҳиндистонда йиғилади, у ерда бу автомобилга бўлган талаб жуда юқори. Индонезияликларга яна бир бор Kwid ҳақида эслатиб қўйиш учун мотор-шоуга унинг махсус Extreme версияси олиб келинди. 

Suzuki Ignis S-Urban

Suzuki Индонезияда ўзининг энг кичик модели - Ignis хэтчбекини тақдим этди. Атиги 3,7 метрли узунликка эга бу автомобилни кроссоверлар қаторига киритиш мумкин, ҳар ҳолда унинг жиҳозланишидан шундай хулоса чиқариш мумкин.