Германияда электрлаштирилган юк машиналарини ҳаракат вақтида қувватлаш учун мўлжалланган контакт тармоғига эга йўллар пайдо бўлади. Бу ноодатий йўлни қуриш билан Siemens компанияси шуғулланади. У 2012 йилдан бери бунга мўлжалланган eHighway лойиҳаси устида иш олиб бормоқда.

Siemens ғояси троллейбуслар ҳаракатланиши учун ўрнатиладиган осма контакт тармоғи каби тармоқдан фойдаланишдан иборат. Бунда гибрид ёки электр куч қурилмаларига эга юк машиналари тармоққа уланиш учун махсус кўтарилувчи штангалар билан жиҳозланиши керак.

Бундай йўлларнинг синови Швецияда ўтказилмоқда, 2014 йилда eHighway тизими АҚШда пайдо бўлганди. Siemens ва Гессен федерал ери маъмурияти ўртасидаги келишувга кўра автобанда бундай йўлдан 10 км қурилади.

eHighway Германияда 2018 йилдан бошлаб ишлайди. Дастлаб лойиҳа олдида юк ташишларга жиддий таъсир қилиш вазифаси турмайди, чунки тармоқ давомийлиги юк машинасини сезиларли қувватлашга имкон бермайди. Агар лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, у ривожлантирилади.

Охирги йилларда бир нечта йирик компания тўлиқ электрлаштирилган юк машиналарини ишлаб чиқишларини эълон қилганлар. Мисол учун, 2016 йилда бундай машинанинг бир қувватланишда 200 км гача юра оладиган прототипини “Мерседес” компанияси тақдим қилганди. Жорий йил сентябрида бундай моделни Tesla тақдим қилмоқчи.