Германиядаги иккинчи энг йирик авиакомпания бўлмиш Air Berlin банкротлик эълон қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар тарқатган.

Ҳозирча ҳукумат тақдим этган 150 млн евро миқдоридаги кредит эвазига учишлар давом эттирилади.

Банкротлик жараёни бошлангани ҳақида авиакомпаниядагилар 15 август кунининг иккинчи ярмида маълум қилишди. Баёнотга кўра, асосий ҳомий бўлмиш Etihad Airways компанияси келгусида молиявий қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.

Air Berlin авиакомпанияси йўловчи ташиш ҳажми бўйича Германияда иккинчи, Европада еттинчи ўринда туради. Авиакомпания 150 йўналишда рейслар амалга оширади.

Air Berlin ҳар йили 30 миллион йўловчини манзилига етказади.

Кейинги бир неча йилда Air Berlin зарарга ишлай бошлади. 2016 йилда зарар миқдори 780 миллион еврони ташкил қилди. Компания фаолиятини Etihad Airways кўрсатаётган ёрдамлар эвазига давом эттираётганди.