Хитой ҳукумати томонидан пирамида кўринишда савдо айланмасини йўлга қўйган ҳамда ходимларни ишга ёллайдиган компанияларга нисбатан босим ортгани эълон қилинганидан сўнг, АҚШнинг Herbalife, Skin Enterprises ва USANA соғломлаштириш институти каби кўп даражали маркетинг ишлаб чиқариш компаниялари катта зарар кўриши маълум қилинмоқда.

Хитой Савдо ва саноат бош бошқармаси эълон қилган «уч ой давомида пирамида шаклида ходимларни ёллаш ва савдо ишларини йўлга қўйган компаниялар» фаолиятини тафтиш этиш тўғрисидаги қарорда юқорида номлари қайд этилган компаниялар санаб ўтилмаган эди. Шунга қарамай, компания акциялари ўртача 7 фоизга арзонлагани кузатилмоқда.

Хитой томонидан бундай қарорнинг қабул қилинишига хитойлик университет магистрантининг пирамида савдосига асосланган компания эълон қилган бўш иш ўрнига жойлашмоқчи бўлгани, психологик босим остида ўз жонига қасд қилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Ўтказилган хусусий ижтимоий сўровномалар натижаси шуни кўрсатадики, тармоқли маркетинг савдоси ортидан минглаб хитойликлар иқтисодий зарар кўрган.

Тафтиш ишларини уюштиришда Хитой Халқ таълими вазирлиги ҳам иштирок этади. Гап шундаки, бундай компаниялар ёллаётган ишчилар орасида ўқувчи ва талабалар кўпчиликни ташкил этади ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинмаган.