“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида ипак қурти озуқаси майдонларини кенгайтириш, тут плантацияларини кенгайтириш борасида истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда  “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Ҳакимов, Ипакчилик илмий - тадқиқот институти, Ўзбекистон табиий толалар илмий- тадқиқот институти олимлари, фермерлар иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил  29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тизим истиқболини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унга кўра, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ипак қурти уруғини сифатли тайёрлаш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, унинг энг харидоргир турлари ва дизайнини ўзлаштириш, тармоқ маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш билан шуғулланмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар доирасида озуқа базасини шакллантириш ҳам уюшманинг энг муҳим юмушларидан биридир. Шу боис куз-баҳор мавсумида Хитойдан кўп миқдорда тут кўчатлари келтирилиши кутилмоқда. Ўзбекистонлик олимлар яратган янги навларни ҳам кенг оммалаштиришнинг истиқболли жиҳатлари ўрганилмоқда.

“Биз бир  неча йилдан буён янги тут навини яратиш борасида изланишлар олиб бораяпмиз”,-дейди Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги “Ипак” фермер хўжалиги раҳбари Абдуфаттоҳ Мусурмонқулов.-Олиб борилган 13 йиллик илмий ва 6 йиллик амалий изланишлар самарасида “Ўзбекистон дурагайи” нави кўпайтирилмоқда. Ушбу серҳосил нав одатдаги навларга нисбатан қарийб ўн баробар кўп ҳосил беради”.

Йиғилишда мазкур навдан тут кўчатларини кўпайтириш, шунингдек, Ўзбекистондаги ўрмон хўжаликларида мавжуд тут кўчатларининг сифати ва сонини аниқлаш борасида вазифалар белгилаб олинди. Йиғилиш якунида ишчи гуруҳи тузилди. Улар ўрмонлик хўжаликларида етиштирилаётган тут кўчатларининг ҳолати, уларнинг яроқлилик даражаси ва сифатини ўрганиб, тегишли хулосани беради. Бу эса яқин кунларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўртасида ҳамкорлик борасида меморандум имзоланишини таъминлайди.