Англия чемпионатининг кучлилиги бўйича 2-дивизиони - чемпионшипда иштирок этувчи "Бертон Альбион" клуби ўз фаолиятини тугатган, 8 карра Олимпия чемпиони, ямайкалик спринтер Усэйн Болтга клубда кўрикдан ўтишни таклиф қилишга тайёр. Бу ҳақда The Sun нашрига клуб президенти Бен Робинсон маълум қилган.

Болт бир неча маротаба ўз кучини профессионал футболда синаб кўриш истагини билдирган.

“Мен мураббийимиз каби Усэйнга кўрикдан ўтишни таклиф қилишдан хурсанд бўлардим, чунки у жуда тезкор ва жисмонан ажойиб тайёр. Бунда ёшлигида футбол ўйнаган спринтер Адам Жемилини эслаш мумкин. Биз Болтни таклиф қилишдан манфаатдормиз”, деб айтган Робинсон.

Болт 11 карра жаҳон чемпиони, 8 карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. Ямайкалик қаторасига учта Олимпиадада 100 ва 200 метрлик масофаларга югуришда ғолиб бўлишга муваффақ бўлган ягона спортчидир. Унга, шунингдек, 100 метр (9,58 сония) ва 200 метрга (19,19 сония) югуриш бўйича амалдаги жаҳон рекордлари тегишли. Куни-кеча якунланган Лондондаги жаҳон чемпионатида Болт 100 метрга югуришда бронза медалини қўлга киритди.