Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Обод қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Блогер Исроилжон Тиллабоев блогида «Пақирлар сув келишига тайёр турсин» сарлавҳали постида бу муаммо интернет нашрларида ёритилганидан кўп вақт ўтмасдан масъул шахслар қишлоққа келиб, ўзгаришлар бошланиб кетгани ҳақида ёзади.

Пақирлар сув келишига тайёр турсин

16 июль куни қишлоғимнинг ичимлик суви масаласида «Сувсиз қишлоқ Обод бўладими?» сарлавҳали блогпост жойлаган эдим. Ушбу блогпостим Ўзбекистоннинг энг машҳур сайтларидан бўлмиш sof.uz ва kun.uz сайтларида ҳам берилди. Масала бутун Ўзбекистон нигоҳига тушди. Сайтларда мақолам эълон қилингач, 4 кун ўтиб, реакция сезилдики, мен учун ҳам кутилмаган ўзгаришлар бошланиб кетди.

21 июлда уйимга Фарғона вилоят «Сувоқава» ДУК бош муҳандиси Икромжон Aбдуллаев, муҳандис Жалолиддин Ҳожираҳматов, Низомиддин Мирзараҳимов, туман «Сувоқава» ДУК бошлиғи Мадаминжон Мадумаровлар келишди.

Фарғона вилоят «Сувоқава» ДУК раҳбари ва муҳандиси билан 

Aжойиб учрашув бўлди. Бош муҳандис самимий киши экан, мен мурожаатимда маҳалла бир нима қилиб етмай турган 400 метр қувурни сотиб оламиз, деб ўйлаб тургандим, у киши, қишлоғимиз аҳолисининг шароитларини кўриб, ўша қувурни вилоят «Сувоқава» томонидан беришга қарор қилди. Фақат 100лик эмас, 76лик қилиб берай, чунки 100ликни улаш қийин бўлади, маҳалла аҳли ўзлари кавлаб кўмиб олишни уюштира оласизми, деди. «Aлбатта уюшади маҳаллам», дедим кутилмаган таклифдан хурсанд бўлиб, чунки у қувурни беришларидан аллақачон умидимизни узиб, пули бутун маҳаллага қанчадан тушаркан, деб тургандик, аллақачон. Қўшни Жонобод қишлоқдан бизга келувчи қудуққа энг катта мотор ва электр шчитини ҳам беришни ваъда қилишди. Бир пиёла чой устида оддий фуқаро ва мансабдор суҳбати ҳазил-ҳузуллар билан ажойиб ўтди. Замонавий бошлиқнинг вакилларидан: очиқ чеҳра, юморли гап-сўзли, аниқ ечим билан муаммонгизнинг ҳал қилиниши… Икром акадек раҳбарлар кўпайишини менга теккан катта ёрдами учун эмас, жамиятимизда шундай муаммолар тезда ҳал бўлиб кетишга хизмат қилувчи кадрлардан эканлиги учун чин кўнгилдан тиладим.

Ўша куниёқ туманга биз учун мотор ва электр шчити Фарғонадан келтирилди. 2 кун ўтгач, тумандаги ходим билан ваъда қилинган қувурни олиб келишга мени чақиришди. Вилоят «Сувоқава» ДУК бошлиғи туманларга чиқиб кетмасдан эрталаб етиб бордик. Бошлиқ «қишлоққа неча диаметрли қувур келган», дея сўради. «100лик», «Унда биратўла қолганиям 100лик бўлақолсин, кейинчалик  қишлоғингиз аҳолиси кўпайиши бор, бўлганга яраша яхшиси бўлсин», дея 100лик қилишди буйруқни. Бу мен кутмаган 2-совға эди.

Совғалар ҳали кўп экан. Бошлиқ давом этди: «Маҳалла ҳашар билан кавлаб, кўмиши мумкин, лекин бу қувурларни улашга қийналишади, жойини кавлаб бўлишингиз билан айтсангиз, мен ишчиларимиздан юбораман, қувурларни пайвандлаб бериб келади», деди. Қойил, сўраш хаёлимга келмаган жиҳатларни ҳам тажрибасидан келиб чиқиб ҳал қилиб бермоқда эди. «Нимада олиб кетмоқчисиз?», «Бирор машина топарман», «Битта узун КамАЗимизни берамиз, олиб бориб ташлайди, бўлмаса қийналасиз!». Халқпарвар бошлиққа қандай раҳмат дейишни билолмай қолдим, гапимни ғўлдираб йўқотдим. Қилаётган яхшилигидан эсдаликка суратга тушишга кўндирдим: 

Етиб келгач, бўлиб ўтган ишларни маҳаллам аҳлига обдон тушунтириб, Президентимизнинг яратиб бераётган шароитлари туфайли шунча ишлар бирваракайига бўлиб кетаётганини тушунтириб, дуо қилдирдим, эл хурсанд, халқ шод. Чунки бир неча марта уринган бўлса ҳам иш шу даражагача силжимаган эди сув борасида.

Бир икки кун ўтгач, энди туман «Сувоқава» мурувватини кўрсатди. Бошлиқ Мадамин ака қувурнинг ерини кавлагани битта машина ажратиб берди. Бирпасда кавлаб, маҳалладаги бекорчи кишилар ёрдамида қувурни ерга ётқизиб ташладик.

Эндиги марра - бизга берилган қудуққа сув моторини тушириш учун 50 метр темир қувур ва 150 метр махсус кабел керак экан. Бу ишларни маҳаллага сув бериш савобида бўлган ҳомийлар топа олсаккина (менимча бундай савобли ишга 5-6 млн сўм ажрата оладиган кишилар топилади) сув ишга тушади.

Озгина иш қолди, озгина бирлик ва уюшқоқлик. Иш охирлаб қолди, шундан сўнг маҳалламиз, қишлоғимиз, мактабимиз сувдан нолимайдиган даражада таъминланади. Ҳар бир кўчамизга артезиан ўрнатамиз ва ундан исроф қилмай фойдаланамиз…

P.S.: мен блогпостимни ўзимнинг isroiluz.blogspot.com блогимда нашр қилиб, Facebook тармоғидаги саҳифамда эълон қилганман, sof.uz ва kun.uz сайтлари блогпостимни қайта чоп этишганидан хабардорман, мен уларга ўзим ва қишлоғим номидан раҳматлар айтаман минг бор, лекин ўзбекларни қўйдан олиб қўйга солиб, дунёга жар солиб юрувчи бир дардисар чет элдаги сайтлар мен ёзганни рухсатимсиз чоп этишга ҳақи йўқ эканлигини эслатиб ўтмоқчиман, муаммомизни ўзимиз, ўзимизнинг сайт ва раҳбарларимиз ёрдамида бемалол ҳал қила оламиз, уларнинг «ёрдам»лари ўзларига буюрсин.