Латвия полицияси 14 августда Хитойнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда махсус операция ўтказди. Операция натижасида Латвиянинг 3 та шаҳрида Хитойнинг 110 дан ортиқ фуқароси ва Латвиянинг бир фуқароси 2 млн долларга фирибгарлик ва киберфирибгарлик иши бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда Латвия жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи Янис Лаздиньшга иқтисоб қелтирган ҳолда Delfi нашри хабар бермоқда.     

Полициянинг фикрича, улар бевосита жиноят ташкилотчилари ва унинг ижрочиларини ушлашга муваффақ бўлишган. Қўлга олинганларнинг ноқонуний фаолияти нимадан иборат бўлгани борасида аниқлик киритилмаган.

Лаздиньшнинг айтишича, операцияга 2 ойдан кўпроқ вақт тайёргарлик кетган. Тергов натижасида полиция Рига, Адажи ва Саулкрасти шаҳарларида 6 та манзилни ўрнатишган. Жиноятчилар бу ерлардан 2017 йил июни охиридан Хитойдаги қурбонлари билан боғланганлар.

Тинтувлар натижасида полиция интернетда фирибгарлик билан шуғулланиш бўйича етарлича исботлар қўлга киритган ва бу исботлар ўз терговини олиб бораётган Хитой полициясига топширилади.

Махсус операцияда латвиялик чегарачилар ҳам иштирок этганлар. Ҳозир улар хитойликлар Латвия ҳудуди қанчалик қонуний бўлганларини текширмоқдалар. Шундан кейин гумонланувчиларни Хитойга топшириш масаласи ҳал қилинади.