Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 5 май куни имзоланган "ЎзР Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида"ги фармони эълон қилинганидан қарийб уч ой муддат ўтиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари шу борасида қонун лойиҳасини қабул қилиш арафасида турибди.

14 август куни депутатлар томонидан ушбу қонуннинг иккинчи ўқилиши ва кун тартибида бошқа масалалар кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиққан депутатлар номидан Миллий тикланиш фракция аъзоси Акмал Саидов маъруза матни билан минбарга чиқди.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя этувчи амалий ечимлар мавжуд

Kun.uz мухбири иштирок этган йиғилишда депутатлар қонун лойиҳасидаги барча моддаларни бирма-бир кўриб чиқиб, овозга қўйди. Лойиҳанинг 5-моддасида таъкидланганидек, тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (соддароқ қилиб Бизнес Омбудсмен десак ҳам бўлади) илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Шунингдек, 8-моддада вакил тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувлар юз берса, тадбиркорни ҳимоя қилиш учун чора-тадбирлар кўриши белгиланган. Вакил қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги хулосани давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига киритиши моддада ёзилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмендан фарқли равишда янги лавозимдаги вакил тадбиркорлар томонидан шикоят, ариза ва таклифларни ҳам қабул қилиши мумкин. Лекин Қонунчилик палатаси Спикери амалда бу фуқаролар томонидан таклиф ва аризаларни ҳам қабул қилиб келган Омбудсмен ваколати қонунчиликка тузатишлар киритилиши билан тез орада ўзгаришини таъкидлаб ўтди.

Энг асосий моддаларда нималар дейилади?

Аввало, янги тайинланадиган вакил - Бизнес Омбудсмен Президент томонидан тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши, фақат унинг олдида ҳисобдор эканлигини айтсак, бу ходим ўз ишига чин дилдан киришса, 210 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг халоскорига айланиши турган гап. Бундан ташқари, иқтисодий жинояти учун айбланаётган, маҳкум ва судланувчи тадбиркор ҳамда вакилнинг алоқасини сифатли равишда таъминлаш учун барча ваколатлар тақдим этилган.

Шикоят, ариза ва таклифлари бор ишбилармонларнинг ҳуқуқлари бошқа органлар томонидан бузилган ёхуд чиқарилган қарордан норози ҳолда вакилга мурожаат этса, бу турдаги муносабатлар ҳам кўриб чиқилади.

Энг муҳими бундай тажриба чет элда самарали фойда берган эди. Буюк Британия Қироллиги солиқ ва божхона таркибидаги "адьюдикатор", Франция Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари жорий этилган "Омбудсмен", Грузия Бош вазир томонидан тайинланадиган "Бизнес-Омбудсмен"лар мамлакат ишбилармонларининг эркин фаолияти учун катта имкониятлар эшигини очиб беради.

Депутатлар қандай фаолият олиб боради?

Очиғини айтганда, бу манзара кўпчиликни қониқтирмайди. Спикернинг гиперфаоллиги остида айрим қонун ижодкорлари нофаол турғун ўтириши одамнинг ғашига тегади. Масалан, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан фикр билдирган Хайрулло Рўзиметовга нисбатан Спикер жанобларининг ўзи жавоб бериб қўя қолди. У қайта сўрашга журъат этган пайт, киноя билан қабул қилинди. Бу ҳолат жуда кўп марта кузатилиб, Қонунчилик Палатаси Спикери бир ўзи мажлисни юритиб, ҳукмини ўтказаётгандек туюлди. Айниқса "Болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотлардан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг номи узоқ баҳсга сабаб бўлди. "Болаларнингми, Болаларними? Шундай бўлса кимни ҳимоя қилиш деган савол туғилмайдими?".

Кузатиб турган кишининг ҳафсаласи пир бўлмасин, майда ва мужмал саволларга чиройли жавоб бера оладиган депутатлар яхши таклифларни билдирди. Аммо Спикерга ёқмади шекилли, "буларни домашка қилиб" берди.

Ижтимоий тармоқда машҳур бўлиб кетган, кўзини қисган депутат эсингиздами? Қарши сайлов округидан сайланган депутат аёл парламент фаолиятида унчалик кўзга ташланмас экан. Деярли жим ўтирган депутат, гарчи кун тартибидаги Ёшлар кунини байрам қилиш ҳақидаги лойиҳани таништирган бўлса ҳам, қолган пайт мум тишлаб ўтирди. Саноқли фидокор Палата аъзолари, айниқса Эко ҳаракат депутатлари жонбозлик кўрсатишди.

Қизиқарли ҳолат шундаки, 10дан ортиқ одам лойиҳаларга муносабат билдириш чоғи рад этиш тугмасини босмади. Тепада туриб айрим депутатларнинг яшил тугмадан қўлини узмай кейин муносабат вақтини кутиб, сабрсиз бўлаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Парламентда лотин графикасига асосланган ўзбек тилида иш юритилмаслиги, таблода ёзувлар ҳам рус ва кирил алифбосидаги ўзбек тилида порлаши ҳам ҳалигача лотин ёзуви нега кенг фойдаланилмай келинганига қисман жавоб бера олади...

Алишер Рўзиохунов