Непалда тўхтовсиз ёмғир ёғиши натижасида юз берган сув тошқинлари ва кўчкиларда ҳалок бўлганлар сони 91 нафарга етди, деб хабар берди Непал ички ишлар вазирлиги.

Аввалроқ 66 киши ҳалок бўлгани ҳабар қилинганди.

Непал ички ишлар вазирлигининг The Kathmandu Post нашрида келтирилган сўнгги маълумотларига кўра, сув тошқинлари оқибатида 91 киши ҳалок бўлган, 25 киши жароҳатланган ва 35 киши бедарак йўқолган. 3 мингга яқин турар жой уйлари бутунлай вайрон бўлган, ижтимоий қийматга эга 3,8 мингта объект жабр кўрган. 

Қутқариш-тиклаш ишларида 27 000 одам, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ҳамда ҳарбийлар иштирок этмоқда. 

Кучли ёмғирлар 11 августда Непалнинг бир қанча туманларида бошланган эди. Метеорологлар ҳафтанинг душанба-сешанба кунларидан ҳаво яхшиланишини айтмоқдалар.