Медиамагнат Руперт Мердок АҚШ президенти Дональд Трампни ўзининг стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси Стив Бэннонни ишдан ҳайдашга чақирди. Бу ҳақда The New York Times ёзмоқда.

Таъкидланишича, Мердок Трамп билан бу ҳақда Оқ уйдаги тушлик давомида гаплашган, бу давлат раҳбари 4 август куни таътилга кетишидан аввал юз берган.

Нашр маълумотларига кўра, тушликда Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва президент маъмуриятининг янги раҳбари Жон Келли ҳам иштирок этган.

Аниқлик киритилишича, Трамп Мердокнинг маслаҳатига қаршилик кўрсатмаган, Бэннондан ташвишда эканини билдирган.

Аввалроқ АҚШ оммавий-ахборот воситалари АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй иши ҳақидаги маълумотнинг ташқарига сизиб чиқишида ўзининг стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси Стивен Бэннондан гумон қилаётганини аниқлашгани хабар берилганди.