Россия мудофаа вазирлиги Суриядаги ал-Кдер аҳоли пунктининг ИШИД террорчиларидан озод этилиши кадрларини намойиш қилди.

Кадрларда Россия вертолётларининг Сурия реактив артиллерияси ўт очишини тўғрилаб туриши ва ўзи ҳам жангарилар позицияси ва техникасини ўққа тутаётганини кўриш мумкин. 

Операция 12 августга ўтар кечаси Раққа вилоятида, Дайр аз-Зўр шаҳридан 120 км узоқликда бўлиб ўтган. Суриялик десантлар генерал Сухал Ҳасан бошчилигида жангариларнинг штаби ва омборхоналарини, 2 та танк ва 3 та зирҳли техникасини йўқ қилишган.

Мудофаа вазирлигида таъкидланишича, “тактик десантнинг ҳаракати ва ИШИД жангариларига берилган зарбалар самарадорлиги ҳукумат ҳарбийларига Ал-Кдерни йўқотишларсиз қўлга киритишга имкон берган”. Ушбу ҳарбий операция натижасида ҳукумат назоратига 60 кв км ҳудуд, 3 та аҳоли пункти ва  2 та нефть кони ўтган.