14 август куни Самарқанд шаҳрининг О.Икромов кўчаси 3-уйда яшовчи, 1959 йилда туғилган, айни дамда вақтинча ишсиз, М.И. хонадонида ёнғин содир бўлган ёнғин қўшниларнинг уйига ҳам ўтган. 

Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизматининг KUN.UZ сўровига кўра маълум қилишича, ёнғин натижасида М.И.га тегишли хонадоннинг 102 кв.м. фанерли шифти ва уй жиҳозлари зарар кўрган. 

Аниқлашимизча, ёнғин электр симларининг қисқа туташуви натижасида келиб чиққанлиги тахмин қилинмоқда ва хонадон соҳиби уйининг чордоғида кейинчалик сотишга мўлжалланган автомобиль шиналари сақлаганлиги учун ёнғин шиддат билан, жуда тез тарқалган.

Ушбу ёнғин натижасида М.И.нинг қўшнилари Садриддин Айний кўчаси 102-уйда яшовчи Р.Р.га тегишли уйнинг 50 кв.м. томи, шу кўчадаги 100-уйда яшовчи Ш.Н.га тегишли хонадоннинг 25 кв.метр фанерли шифти ва туникали томи зарар кўрган. 

Ёнғин натижасида бирорта фуқарога тан жароҳати етмаган ва ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи Б.Баҳромов, ўринбосари Н.Игамбердиев, ЭКБ бошлиғи А.Очилов, 7-сонли ШМБ бошлиғи З.Хўжаев, шаҳар ИИБ ЁХБ ходимлари ва тезкор гуруҳи чақирилган.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг оқибатида етказилган зарар миқдори ўрганилмоқда.

Ўз мухбиримиз