2017 йил август ойининг ўтган 15 куни мобайнида Самарқанд вилоятда содир бўлган воқеа ва ҳодиса ҳамда жиноятлар сони 218 тани ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 71 тага кам, дея KUN.UZ’га маълумот берди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи, майор А.Иргашев.

218 рақамининг 60–70 фоизини айнан турли бахтсиз воқеа ва ҳодисалар: дарахт ёки баландликдан йиқилиш, бехосдан захарли суюқлик, сиркани истемол қилиш, кучли электр кучланиш қутисини таъмирлашда эҳтиётсизлик туфайли тан жароҳати олиш кабилар ташкил этади. Афсуски, буларнинг ичида инсонларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлганлари ҳам бор. 

Шу давр ичида 34 та фирибгарлик (2016 йилда — 39), битта товламачилик, битта безорилик, 40 та ўғирлик (2016 йилда — 24), шундан 17 таси хонадон, 6 таси чорва молларини ва 3 таси транспорт воситаларини ўғирлаш ташкил этди. Ўлим билан боғлиқ 15 та йўл-транспорт ҳодисаси (2016 йилда — 12), иқтисодий соҳага оид 3 та (2016 йилда — 17) жиноятлар содир этилган.

74 та ҳодиса, жумладан, 29 та йўл-транспорт ҳодисаси юз бериб, 31 киши турли даражада тан жароҳати олган бўлса, 21 киши олинган жароҳатлар туфайли ҳалок бўлган.

Август ойининг ўтган қисмида содир этилган жиноятлар ва ҳодисаларнинг айримлари билан танишсак.

Ўғирлик маҳалла фаоллари ёрдамида очилди

14 август куни Самарқанд тумани ички ишлар бўлимига туманнинг «Гулобод» маҳалласида яшовчи фуқаро 1957 йил туғилган И.И. ариза билан мурожаат қилиб, унда 13 август куни соат 23:20 ларда «Гулобод» маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уй ёнида турган «Нексия» русумли автомобилини қўшнилардан бири эшигини очишга уринганини, очолмагач, бошқа қўшнининг енгил автомомобилини очиб, ўғирлик содир этишга уринганида ушлашганини хабар қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан гумондорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. 

Ундан 10 дақиқа ўтгач, шу маҳалланинг яна бир фуқароси гумонланувчи бошқа бир «Нексия» русумидаги автомобиль эшигини ғайриқонуний равишда очиб, ўғирликка уринганида ушлашганини маълум қилган. Савол туғилади: маҳалла аҳли фаоллик кўрсатиб, ўғрини ушлашгани яхши лекин нега бундан ички ишлар идораларини ўз вақтида воқиф этиб, жиноятчини топширишмади?

Тезкор суриштирув ишлари давом этмоқда

Шу куни Булунғур тумани ички ишлар бўлимига «Булунғур» маҳалласи Ф.Йўлдош кўчаси хонадонларидан бирида яшовчи, 1969 йилда туғилган И.Р ариза билан мурожаат этиб, 13 августга ўтар кечаси номаълум шахслар Ғафур Ғулом кўчасида жойлашган, унга тегишли бўлган, ҳозирда хеч ким яшамаётган хонадоннинг кўча томондаги дераза роми ойнасини олиб, меҳмонхонадаги сандиқ ичидан 10 дан ортиқ парфюмер маҳсулоти ва рўзғор электр буюмларини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган. 

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеа жойи «Лорд» лақамли хизмат ити билан кўздан кечирилиб, 3 та бармоқ изи олинган.

Пастдарғом туманининг «Тинчлик» маҳалласи яшовчи яна бир фуқаро, ҳозирда Москвада ишлаб юрган келини М.Ғ.нинг «Гулякандоз» маҳалласи Алишер Навоий кўчасида жойлашган уйидан хабар олишга борганда, уй эшиги қулфи номаълум шахслар томонидан бузилиб, 1 дона телевизор тюнери, айиқ ва йўлбарс уйинчоқлари, 1 дона «Нокиа» русумидаги телефон аппарати, «Самсунг» русумидаги планшет, 1 дона аёллар тилла зираги жами 1.600.000 сўмлик мол-мулк ўғирлаб кетилганлигини маълум қилган. Воқеа жойидан эксперт-криминалистлар томонидан 4 та бармоқ изи олинган. 
 
Самарқанд шаҳар 5-сонли ШМБга Спирин кўчасидаги кўп қаватли хонадонларнинг бирида яшовчи, вақтинча ишсиз, 1981 йилда туғилган фуқаро С.У. мурожаат этиб, 11 август куни соат 09.00 дан 17.00 гача бўлган вақт ичида унинг уй йўлагида қаровсиз қолдирган «Десна» маркали велосипедини ўғирлаб кетилганлигини маълум қилди. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида бу ўғирликни содир этишда гумонланаётган Боғдод кўчасида яшовчи 1989 йилда туғилган В.В. ушланиб, ундан далилий ашё олинган ва айбдор қилмишига иқрор бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. 
Тақиқланган экинларни етиштиришга чек қуйилди

Вилоятда ўтказилаётган «Қорадори–2017» кенг қамровли тадбирлари доирасида 14 август куни жиноят-қидирув хизмати тезкор ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрининг Истиқбол кўчасида яшовчи, вақтинча ишсиз, 1959 йил туғилган К.З. хонадонининг томорқаси кўздан кечирилганда, экиб парвариш қилинаётган 2 туп «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлиги ҳужжатлаштирилиб олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 170-моддаси 1-қисми билан гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 

Бахтсиз ҳодиса

14 август куни Самарқанд туманининг «Бухорий» маҳалласи хонадонларининг орқасида чиқиндиларни ёқиб юбориш учун олов ёқилади. Кучли аланга 1943 йилда туғилган Шоди бобо Абдуллаев молхонасида бўлган сомонларга ўтиб, ёнғин кучайганда мулк эгаси оғилидаги 5 бош қорамолни қутқариш чоғида куйиш тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига олиб келинади. Бахтсиз ҳодиса туфайли молхонанинг 80 кв.м. тунукали томи ва хонадоннинг 20 кв.м томи ёнғиндан зарарланиб, 5 бош қорамол нобуд бўлди. Ачинарлиси, 74 ёшли Ш.Абдуллаев тиббий муолажаларга қарамай, шифохонада вафот этди.