«Барселона» ҳужумчилари Лионель Месси ва Луис Суарес Неймарни «ПСЖ»га ўтиш фикридан қайтариш учун жиддий ҳаракат қилган. Бу ҳақда Sport.es хабар тарқатмоқда. 

Испан нашрида ёзилишича 23 июль куни Нью-Жерси шаҳрида ўтказилган «Барселона» — «Ювентус» учрашувидан бир кун олдин каталонияликлар клуби футболчилари учрашиб, Неймарнинг келажагини муҳокама қилишган.

«Сен нима истайсан? «Олтин тўп»? Мен сенга «Олтин тўп» олишингда ёрдам бераман», — деган Месси Неймарга.

Бу мулоқот бўлиб ўтган куннинг эртасига «Ювентус»га қарши кечган учрашувда Месси Неймарга ўйнаган, у имкон қадар Неймарни кўпроқ пас билан таъминлашга ҳаракат қилган. Ўша кунги ўйинда Неймар иккита гол урган, голлардан бирига Месси ҳаммуаллифлик қилган. Учрашув «Барселона»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган, Неймар ўйин қаҳрамонига айланган.

Лекин Месси ва Суареснинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, Неймар «Барселона»дан кетишга ва «ПСЖ»га ўтишга қарор қилган. У 3 август куни Парижда янги жамоаси томонидан таништирилди.