Tesla яқинда ўзининг биринчи оммавий электрокари Model 3’ни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Компаниянинг таъкидлашича, бу унинг энг ҳамёнбоп автомобили экан.

Tesla Model 3’нинг бошланғич нархи ҳақиқатдан ҳам “атига” 35 минг долларни ташкил этади. Бироқ, агарда сиз бу моделни харид қилишга қарор қилсангиз, сизни ёқимсиз сюрприз кутиб турибди: электрокар қиймати анча жиддий ошиши мумкин.

Model 3’нинг базавий нусхаси “ҳеч нарсасиз” кўринишга эга

Электромобилнинг базавий нусхасига олд ўриндиқларни автоматик созлаш каби оддий функциялар ҳам кирмайди. Унга қўшимча ҳақ тўлаш лозим, сабаби у қўшимча опциялар тўпламига киради.

Model 3 харидорларига премиум-тўплам 5 минг долларга тушади. Шунингдек, унга ультрабинафша ва инфрақизил ҳимояли қорайтирилган шишали том, нурдиодли туманга қарши чироқлар ва орқадаги йўловчилар учун иккита USB-уланиш жойи киради.

Якунда: 40 минг доллар

Автопилот учун ҳам қўшимча ҳақ тўлаш талаб этилади

Чиқарилаётган барча Model 3 керакли ускуналар билан жиҳозланган (камералар, сканерлар, сенсорлар ва ҳоказо). Улар иккинчи авлоддаги Autopilot тизимини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Бироқ уни фаоллаштириш учун қўшимча 5 минг доллар керак бўлади.

Ҳайдовчисиз бошқарувнинг яхшиланган технологияси ҳайдаш жараёнини анча осонлаштиради: автомобиль ўзи тезликни, йўл қисмларини ўзгартиради ва автотураргоҳда тўхтайди.

Якунда: 45 минг доллар

(Илон Маскнинг сўзларига кўра, яқинда Tesla автомобиллари бутунлай автоном бўлади. Бироқ тизимни керакли жиҳатларга қадар янгилаш учун қўшимча 3 минг долларни тўлаш лозим)
 
Бошқа қўшимча жиҳатлар

Автомобиль саноати учун рангга қўшимча ҳақ тўлаш одатий нарсага айланди. Масалан, рангли Model 3 учун харидорлар қўшимча минг долларнинг баҳридан ўтиши лозим (базавий нусха қора рангдадир). 19 дюймли спорт ғилдираклари яна қўшимча 1500 долларга тушади.

Бундан ташқари, базавий Model 3 бир батарея қувватида 354 километр юриши мумкин ҳамда соатига 100 километр тезликка 5,6 сонияда чиқади. Қўшимча 9 минг доллар эвазига юриш захираси 500 километр ва юзга 5,1 сонияда чиқувчи автомобилни олиш мумкин.

Якунда: 56 500 доллар
 
Ва ниҳоят: Tesla биринчи навбатда Premium Model 3’ни чиқаради, шу сабабдан ҳамёнбоп нусхани сотиб олиш ниятида бўлганлар кутиб туриши лозим бўлади.