Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг вазир ўринбосари Саидикрам Ниёзхўжаев бошчилигидаги делегацияси 15 августда Остонада музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Галимжан Койшибаев ва вазирликнинг масъул котиби Анарбек Карашев билан учрашув ўтказган.

Томонлар Ўзбекистон раҳбарияти топшириғи билан Остонада Ўзбекистон элчихонаси қурилиши билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳамда элчихонанинг Олмаотадаги ҳозирги биносида бош консуллик очилишини муҳокама қилишди.

Бу мавзу, шунингдек, Қозоғистон инвестиция ва ривожланиш вазирлигининг қурилиш ва уй-коммунал хўжалиги ишлари қўмитаси, ички ишлар вазирлигининг миграция ишлари қўмитаси ва Остона ҳокимиятида муҳокама қилинган.  

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, Остонада ўтаётган EXPO-2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасига ташриф буюриб, Ўзбекистон экспозицияси билан танишган.